Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари тошқиндан аъзият чеккан ҳудудларни тиклашни муҳокама қилишди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Давлат раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони бузилиши туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистонда сув босган ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ишларни батафсил муҳокама қилдилар.

Давлатлар раҳбарлари аҳолини эвакуация қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш каби қатор долзарб вазифаларни ҳал этишда томонларнинг яқин ва мувофиқлаштирилган ишларига юқори баҳо бердилар.

Ўзбекистон Президенти қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарига асосланганини таъкидлаб, ҳар қандай қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш мумкинлигини айтиб ўтди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини, шу жумладан, эркин ахборот алмашишни таъминлаб, тўғонни қайта тиклашда Қозоғистон манфаатларини ва халқаро ҳуқуқ принципларини инобатга олган ҳолда шаффоф иш олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистоннинг бундай оғир дамларда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

«Биз битта дарёдан сув ичамиз. Фақат ўзаро ишонч ва ошкоралик орқалигина, биз сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдалана оламиз ва трансчегаравий таҳдидларнинг олдини олишимиз мумкин», - деди Қозоғистон Президенти.

Томонлар трансчегаравий дарё ресурсларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштиришга келишиб олдилар. Шу муносабат билан икки мамлакат ҳукуматларига барқарор ва юқори даражада ишлаш учун махсус гуруҳ тузишни кўриб чиқиш топширилди.

Суҳбат сўнгида томонлар бир-бирини Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги билан табрикладилар.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев ушбу байрамга алоҳида эътибор ва ҳурмат билан қараш кераклигини таъкидладилар ва барча фахрийлар ва меҳнат фронти ходимларига сиҳат-саломатлик ва узоқ умр, қардош Қозоғистон ва Ўзбекистон халқларига юксалиш ва фаровонлик тиладилар.

Телефон орқали мулоқот Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилди.

Сўнгги хабарлар