Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги келишувлар бўйича Йўл харитаси имзоланди

None
ASTANА. Kazinform – Президентнинг Ўзбекистонга ташрифи натижасида икки томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича жадал келишувларга эришилди. Уларнинг амалга оширилиши махсус ишлаб чиқилган Йўл харитасида батафсил ёзилган, дея хабар беради Кazinform ҳукуматнинг Теlegram-каналига таяниб.

Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов Астана шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон бош вазир ўринбосарлари Жамшид Хўжаев ва Жўрабек Мирзамаҳмудов билан музокаралар ўтказди. Томонлар Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил 21-22 декабр кунлари Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари томонидан берилган топшириқларнинг бажарилишини муҳокама қилдилар.

Алихан Смаилов Қозоғистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича жадал келишувларга эришилганини таъкидлади. Уларнинг амалга оширилиши республикалар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга туртки бўладиган махсус ишлаб чиқилган Йўл харитасида батафсил баён этилган.

«Давлат раҳбарлари қатор устувор вазифаларни ва уларни амалга ошириш муддатларини белгилаб берди. Фуқароларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган барча чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш учун биз аҳил ва самарали ишларни таъминлашимиз керак», — деди Бош вазир.

Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш доимий равишда ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, маҳсулотларни ташишда «тор йўлакларни» кенгайтириш ва умумий маъмурий тўсиқларни бартараф этиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

«Мамлакатларимиз тадбиркорлари ўзаро фаол ишбилармонлик алоқаларини ўрнатган, шу боис тадбиркорлик субъектлари янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муҳтож. Бу йўналишда сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Алихан Смаилов.

Бундан ташқари, томонлар сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўз навбатида Жамшид Хўжаев Ўзбекистон Ҳукумати барча самарали йўналишларда умумий мақсад ва вазифаларга эришиш учун Қозоғистон Ҳукумати билан яқин ҳамкорликда самарали ишлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов икки давлат Президентларининг 2022 йил 21-22 декабр кунлари бўлиб ўтган музокаралари натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича Йўл харитасини имзолади. Ўзбекистон томонидан мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзоланади.


Фото: t.me/KZgovernment
Сўнгги хабарлар