Қозоғистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Мақтааралга 66 миллион тг ёрдам кўрсатди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин ва Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси Нусратулла Пардаев Мақтаарал туманига ташриф буюришди, дея хабар беради Kazinform.

Бугун иккала томоннинг розилиги билан Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси (ҚКУФ) ва Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси (ЎКУФ) Ўзбекистонда Сардоба сув омбори аварияси туфайли май ойи бошларида тошқиндан зарар кўрган ҳудудлар аҳолисига хайрия ёрдамини кўрсатди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон делегациялари тошқин оқибатларини бартараф этиш ва Достиқ, Женис ва Жана-Турмис овулларида тошқин оқибатида бошпанасиз қолган одамлар учун барпо қилинаётган уй-жой қурилиши билан танишиш учун Ўргебас ва Фирдавсий қишлоқларига ташриф буюришди.



Мирзакент қишлоғида ҚКУФ ва ЎКУФ раҳбарлари сув тошқини бўлган ҳудудларда маҳаллий аҳоли ва Аманжолов, Мусрепов, Фирдавсий номидаги мактаблар ва «Нурли йўл» номли ўрта мактабнинг раҳбарлари билан учрашдилар.




Мақтаарал тумани аҳолисига мурожаат қилган Қозоғистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин Сардоба сув омборида авариянинг биринчи кунидан бошлаб барча қозоғистонликлар тошқиндан зарар кўрганларга ёрдам беришганини айтди. Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси ҳам четда қараб тургани йўқ.



«Қозоқ халқида эҳтиёжмандларга ёрдам бериш одати азалдан бор. Шунинг учун биз шу ердамиз. Мен Президентимизга ва Ҳукуматимизга бундай зарур чораларни тезкорлик билан кўриб чиқиб ва амалга оширгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўз навбатида, ҳамкоримиз - Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан келишувга кўра, Мақтаарал тумани аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 66 миллион танга миқдорида ёрдам беришга қарор қилдик. Биз тўртта умумтаълим мактабларининг интерфаол компьютер синфларини жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаймиз», - деди С.Даулеталин.




Унинг сўзларига кўра, ушбу фожиа ҳамма учун катта синов бўлди, аммо бу қардош халқларнинг дўстлигини сусайтира олмади, аксинча, уларни янада яқинлаштирди.



ҚКУФ раҳбари юқорида зикр этилган мактаблар директорларига 25 та ноутбук, 25 та парта ва 50 та ўриндиқ, 2 та принтер, биттадан мультимедиа доскасини тақдим этди.



Бундан ташқари, тошқиндан зарар кўрган аҳоли пунктларининг 100 нафар аҳолисига ҚКУФ тасарруфидаги «Көктем», «Меркі», «Манкент», «Жаңақорған», «Щучинск» санаторияларига йўлланма берилди. ҚКУФ томонидан кўрсатилган гуманитар ёрдам кўлами жами 50 млн тангани ташкил қилди.

Ўз навбатида Жиззах вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси, Ўзбекистондан «Дўстлик карвонини» бошқариб келган ЎР Парламенти Сенати аъзоси Нусратулла Пардаев қардошлик ва қўшничилик алоқалари қозоқ ва ўзбек халқлари муносабатларининг асоси эканлигини таъкидлади.



«Бугун эрталаб бизнинг «Дўстлик карвонимиз« қозоқ-ўзбек чегарасини кесиб ўтди. Биз, Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси сингари, қардош халқнинг аҳволига бефарқ бўла олмадик ва қозоқ ҳамкасбларимизнинг офатдан зарар кўрганларга хайрия ёрдами кўрсатиш акциясига қўшилдик», - деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари.












Ўзбекистон касаба уюшмалари умумий эҳтиёжлар учун зарур бўлган 16 миллион танга (ЎР Марказий банки белгилаган 2020 йил 17 июнь кунги расмий курсга кўра, 401 миллион 920 минг 000 сўм – Таҳр.) миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатди.



Мақтаарал туманининг аҳолиси ушбу ташаббуслар ва ушбу ҳудудда ҳаётни тиклашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмаларига миннатдорчилик билдирди.
Сўнгги хабарлар