Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди, дея хабар беради Kazinform primeminister.kzга ҳавола қилиб.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан бўлиб ўтган музокаралари (6 декабр), шунингдек, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 19-чи йиғилиши (26 ноябр) давомида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар.

Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, транзит-транспорт, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакатнинг тармоқ вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳамкорликнинг ҳар бир йўналиши бўйича маъруза қилдилар.



Марказий Осиёдаги минтақавий савдонинг қарийб 70 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

2021 йилнинг 10 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,26 миллиард долларни ташкил этди, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 29,8 фоизга, 2019 йилнинг 10 ойига нисбатан 10,6 фоизга кўпдир. Қозоғистондан Ўзбекистонга экспорт ҳажми 2020 йилнинг 10 ойига нисбатан 31,6 фоизга ошиб, 2,37 миллиард долларни ташкил қилди.

2019 йилнинг 10 ойига нисбатан бу кўрсаткич 34,3 фоизга ошган. Экспорт ўсишининг асосий омиллари қишлоқ хўжалиги ва агробизнес (+17 фоиз), нефтни қайта ишлаш сектори (2,2 баравар), металлургия (+99,3 фоиз), автомобилсозлик (+28,3 фоиз) соҳалари бўлди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард долларга, ўрта муддатли истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Икки давлат чегарасида «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. ҚР Бош вазири Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг саноат кооперацияси, гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда юқори суръатда ривожланаётганини қайд этди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида транзит транспорти – темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, «Туркистон – Чимкент – ​​Тошкент» тезюрар йўловчи ташиш линиясини қуриш ва «Дарбаза – Тошкент» темир йўл линиясини ишга тушириш бўйича йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида юқори даражадаги ҳамкорликка эришилди. «Мақтаарол – Жиззах» йўналишидаги назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Юк ташиш учун қулай тариф сиёсати ишлаб чиқилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми жорий йилнинг 11 ойи давомида 22,7 миллион тоннани ташкил этди. Икки давлат ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида вегетация даврида Тоқтоғул ва Қайраққум сув омборларидан қўшимча юборилиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарнинг эҳтиёжлари қондирилди.

Оролбўйининг долзарб экологик муаммоларини ҳал этиш, бутун Оролбўйининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Йил якунлари бўйича, биз муҳим натижаларга, муҳим келишувларга эришдик. Мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ривожланишнинг юқори суръатини кўрсатмоқда», — деди А.Мамин.



Сўнгги хабарлар