Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги автомобил йўли бўйлаб кўприк қурилиши бошланди
10 Август 10:43

Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги автомобил йўли бўйлаб кўприк қурилиши бошланди

NUR-SULTAN. Kazinform – Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов муҳим транспорт инфратузилмаси объекти – «Туркманбоши-Қорабўғоз-Қозоғистон чегараси» автомобил йўли бўйлаб Қорабўғоз кўрфазини кесиб ўтувчи кўприкнинг тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди, дея хабар беради Kazinform «Турменистан сегодня» агентлигига таяниб.

«Замон талабларини инобатга олиб, Қорабўғоз қўлтиғини кесиб ўтувчи автомобил кўприги қурилишини бошлашни маъқул деб билдик. Жорий йил 16 июнда қабул қилинган қарорга мувофиқ, умумий узунлиги 354 метр, эни 21 метр бўлган автомобил кўпригининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва қуриш режалаштирилган. Кўприк Туркманбошидан Қозоғистон чегарасига борадиган автомобил йўли бўйлаб, Қорабўғоз кўли орқали қурилади», - деди Сердар Бердимуҳамедов.

Янги кўприк мамлакатнинг шарқий ва шимолий ҳудудлари, шунингдек, қўшни давлатлар билан савдо, юк ва йўловчи ташиш ҳажмини сезиларли даражада ошириши режалаштирилган.

Бу Туркманистон, Россия, Қозоғистон, Эрон ва Ҳиндистон юк ташувчиларга денгиз, темир йўл ва автомобил транспортидан фойдаланган ҳолда энг қисқа йўлда Шимолий ва Шарқий Европа мамлакатларига етиб бориш имконини беради.




Фото: tdh.gov.tm

Янгиликлар

Архив