Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади

None
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон-Туркманистон ТИВлараро навбатдаги маслаҳатлашувлари онлайн режимда ўтказилади. Бу йил Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Жорий йилнинг 4 октябр куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ермухамбет Кониспаев ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев раислигида онлайн режимда Қозоғистон-Туркманистон ТИВлараро навбатдаги маслаҳатлашувлари бўлиб ўтади. Томонлар Қозоғистон-Туркманистон ҳамкорлигини стратегик шериклик руҳида янада мустаҳкамлаш, шунингдек, олий ва юқори даражада эришилган келишувларни амалга оширишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишни режалаштирган. Шу нуқтаи назардан, бўлажак халқаро тадбирлар жадвалига алоҳида эътибор қаратилади», — деди ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров вазирлик томонидан ўтказилган брифинг чоғида.

5 октябр куни Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилига кўра, Туркманистон Қозоғистоннинг ҳам Марказий Осиё, ҳам Каспий минтақасидаги муҳим стратегик шериги ҳисобланади.

«Мамлакатларимиз ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилди. Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги сиёсий ишонч даражаси йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. 30 йил давомида икки давлат ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга муваффақ бўлди. Икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 60 дан ортиқ ҳужжат ташкил этади. Улар орасида 2017 йилдаги Стратегик шериклик тўғрисидаги битим муҳим ўрин тутади. Олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар икки томоннинг сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан доимий манфаатдор эканини тасдиқлайди, – деди Айбек Смадияров.

Фото: gov.kz

Муаллиф: Ақбота Кузекбаев

Сўнгги хабарлар