Қозоғистон ва Испания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард еврога етди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Астанада Қозоғистон-Испания ишбилармонлар кенгашининг 7-сессияси бўлиб ўтди. Кенгашда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ташкилотчиларнинг фикрича, бугунги тадбир Қозоғистон ва Испания ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилади. Кенгаш сесияси еттинчи бор ўтказиляпти.

«Бугунги йиғилишда Қозоғистондан 150 га яқин киши, Испаниядан эса 35 та компания иштирок этди. Бундай тадбирлар қозоғистонлик ва испан ишбилармонлари ўртасида чуқур ўзаро муносабатлар ўрнатиш учун зарур. Айни пайтда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 миллиард еврони ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42 фоизга юқори. Яъни биз Испания билан савдо ва сармоявий алоқаларни мунтазам ошириб боряпмиз. Бугунги учрашув доирасида бир қатор музокаралар олиб борамиз. Улар орасида сув тозалаш иншоотлари, қишлоқ ва сув хўжалигини бошқариш, шунингдек, муҳандислик соҳаларида ҳамкорлигимизни ривожлантириш бўйича келишувларга эришиш ниятидамиз», – деди «Байтерек» холдинги бошқаруви раиси Қанат Шарлапаев.

Бошқарув раисининг сўзларига кўра, испан компаниялари Қозоғистоннинг асосий технологик ҳамкорлари ҳисобланади.

«Умуман олганда, Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича энг йирик шерикларидан бири. Испания эса бу борада энг муҳим ҳамкор давлат. Испания билан стратегик ҳамкорлик бўйича иккинчи шартнома имзоланди. Бу мамлакат билан икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини давом эттириш учун асос бор, деб ҳисоблаймиз. Испания компаниялари, биринчи навбатда, ускуналар етказиб бериш бўйича бизнинг асосий технологик ҳамкорларимиз», – дейди у.

Шунингдек, мазкур учрашувнинг панель сессиясида Қозоғистон-Испания бизнес вакиллари молиявий воситалар ва ўзаро бизнес имкониятларини муҳокама қилди.

«Бугунги учрашув Қозоғистон ва Испания ўртасидаги қўшма лойиҳаларни янада ривожлантириш ва иқтисодий муносабатларни яхшилашга хизмат қилишига ишонаман. Биз пандемиядан олдинги натижаларга қайта эришдик. Ҳукумат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беряпти. Шу билан бирга, Ҳукумат экологик жиҳатларга, шунингдек, транспорт ва гендер тенглигини янада ривожлантиришга эътибор қаратяпти. Биз иқлим ўзгаришига қарши курашамиз ва кам таъминланганлар учун тенг ҳуқуқларни қўллаб-қувватлаймиз. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш орқали биз юқори солиқ тушумларига эришишимиз мумкин. 2023 йилда ўсиш 5 фоизни ташкил этади ва бу жуда юқори иқтисодий кўрсаткич. Яъни, бу халқаро контекстда жуда муҳим. Испания компаниялари самарали ҳамкорликни давом эттириш ниятида, бугунги учрашув бунинг далили», – деди Қозоғистон-Испания ҳукуматлараро комиссияси раиси Шиана Мендес.

Муаллиф: Даулет Изтилеу


Сўнгги хабарлар