Қозоғистон ва Хитойда икки давлатнинг маданият марказлари очилади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Хитойда Қозоғистон маданият маркази очилади. Ўз навбатида, Қозоғистонда ҳам худди шундай Хитой маркази фаолият юритади. Бу ҳақда Қозоғистон элчиси Шаҳрат Нуришевнинг Пекинда Хитой маданият ва туризм вазири Ху Хэпин билан учрашуви чоғида келишиб олинди, деб хабар беради Kazinform ҚР ТИВга таяниб.

Учрашувда маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ш.Нуришев яқин кунларда мунтазам авиақатновлар қайта тикланиши ва одамлар фаоллашишини инобатга олиб, икки томонлама мулоқотни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Қозоғистон элчиси Қозоөистон ва Хитойда ўзаро маданий марказларнинг ташкил этилиши бу борадаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга туртки бўлишини таъкидлади.

Дипломат, шунингдек, Хитой вазирини Қозоғистоннинг туризм салоҳияти ва Қозоғистон ҳукумати томонидан 2025 йилгача туризмни ривожлантириш давлат дастурини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, элчи Қозоғистоннинг Хитой фуқароларига 14 кунгача визасиз саёҳат қилишига рухсат бериш режасини инобатга олган ҳолда Қозоғистон фуқаролари учун ҳам шундай шарт-шароитлар яратиш масаласини кўтарди.

Ўз навбатида Ху Хэпин Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга эканлигини таъкидлади. Қозоғистон-Хитой ҳамкорлик қўмитасининг Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича қуйи қўмитасининг йил охирига режалаштирилган 15-йиғилиши икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.

Шу билан бирга, Хитой маданият ва туризм вазири Қозоғистон Ҳукумати томонидан мамлакатнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ва Хитой томони маданий марказлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Сўнгги хабарлар