Қозоғистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги бўйича кичик қўмита туздилар

Фото: Фото: gov.kz
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма кичик қўмита тузади. Мазкур ишчи орган аграр-саноат мажмуасининг долзарб муаммоларини зудлик билан кўриб чиқади ва икки давлат ўртасидаги соҳадаги ҳамкорликни самарали ривожлантиради. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев Хитой Халқ Республикаси қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазири ўринбосари Ма Юсян билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Вазир ХХРга музлатилган гўшт етказиб бериш тез орада қайта тикланишига, шунингдек, совутилган мол, қўй, чўчқа гўшти, қорамол териси ва қўшимча маҳсулотларга қўйиладиган протоколлар лойиҳалари ва ветеринария талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилишига умид билдирди.

Бундан ташқари, томонлар парранда гўшти ва паррандачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича талабларни уйғунлаштириш бўйича ишларни қайта бошлашни муҳокама қилди. Ўтган йили Қозоғистонда парранда гриппи қайд этилмаган. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ушбу вирусга қарши эмлашни амалга ошираётган кам сонли давлатлардан биридир.

Музокараларда муҳокама қилинган яна бир мавзу Хитойнинг Шарқий Қозоғистон вилоятига лаборатория жиҳозларини етказиб бериш масаласи бўлди. Ербол Карашўкеев Хитой томонига Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош бошқа вилоятларига ҳам шундай ускуналар етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, бўлажак Марказий Осиё давлатлари саммити ва бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни имзолаш кун тартибидан ўрин олди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги агросаноат мажмуаси маҳсулотларининг товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоизга ошган ва 265,5 миллион долларни ташкил этган.

Сўнгги хабарлар