Қозоғистон ва Европа Иттифоқи халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришни муҳокама қилди

Фото:
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми 42 фоизга ошди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди Ақордада Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеф Боррел иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
«Ҳозирда Европа Иттифоқининг Қозоғистонга киритган тўғридан-тўғри хорижий сармояларининг умумий ҳажми 160 миллиард долларни ташкил этади ва у мамлакатнинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкори ҳисобланади. Фақат жорий йилнинг ўзида (сўнгги 9 ойда) Қозоғистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга ошиб, 30 миллиард долларни ташкил этди. Ўтган ой Қозоғистон ҳукумати ва Европанинг йирик Svevind компанияси ўртасида Манғистау вилоятида «яшил» водород ишлаб чиқариш ва тарқатиш марказини ташкил этиш бўйича муҳим келишув имзоланди»

, — деди М. Тилеуберди.

М. Тилеубердининг айтишича, Ж. Боррель билан музокаралар чоғида жорий геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, глобал товарлар етказиб бериш занжирини таъминлаш учун халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳимлиги муҳокама қилинди.

«Жумладан, биз Европа Иттифоқи томонидан «Транскаспий халқаро транспорт йўналиши»ни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилдик. Бундан ташқари, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, жаҳондаги мавжуд вазият, жумладан, Украинадаги можаро, Сурия, Афғонистондаги вазият, шунингдек, иқлим ўзгариши, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди»

, — деди Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар