Қозоғистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоизга ошди - Ҳукумат

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида БАА Бош вазири ўринбосари – Президент Админстрацияси вазири Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди, дея хабар беради Кazinform Ҳукуматнинг расмий сайтига таяниб.


Алихан Смаилов Қозоғистон ва БАА ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилгани ва икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражасига эришилганини таъкидлади. Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, бунга юқори даражадаги доимий алоқалар таъсир кўрсатмоқда.


«Бирлашган Араб Амирликлари Қозоғистоннинг минтақадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Амирликлар мамлакатимиз билан савдо ҳажми бўйича араб давлатлари орасида етакчи ҳисобланади», — деди Бош вазир.

Масалан, 2021 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 709 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга ўсди.

«Бу яхши натижа, бироқ ўзаро савдо номенклатурасини янада кенгайтириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз мумкин», — деди Алихан Смаилов.


Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари сўнгги йилларда БААдан Қозоғистонга киритилаётган инвестициялар тизимли равишда ошиб бораётганини таъкидлади. Ўтган йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 43 фоизга ошиб, 250 миллион долларга етди. Бу тенденция бу йил ҳам давом этмоқда.

«Биз кон-металлургия комплекси, қишлоқ хўжалиги, нефть-кимё, энергетика, геология каби соҳаларда сармоявий ҳамкорликни ошириш ва чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳиятга эгамиз. Бу соҳалар бизнинг стратегик мақсадларимизга мос келади», - деди Алихан Смаилов.


Шу муносабат билан Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаёнга умумий қиймати 6,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати берилди. Шу билан бирга, саноат, энергетика, банк сектори ва қишлоқ хўжалигидаги бешта йирик лойиҳа, жумладан, қўшма корхона фондини ташкил этиш, шакар заводи қуриш ва калцийли сода ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

«Қозоғистон Ҳукумати БАА билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш ниятида», — дея хулоса қилди Алихан Смаилов.

Учрашув якунлари бўйича экология, савдо, маданият ва таълим соҳаларида қатор икки томонлама идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Ўз навбатида, Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.


Унинг айтишича, Қозоғистон БААнинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчи ҳамкорларидан биридир. Шунингдек, банк сектори ва қишлоқ хўжалиги, жумладан, шакар ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён Қозоғистон Ҳукумати раҳбарининг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирди.


Фото: primeminister.kz



Сўнгги хабарлар