Қозоғистон ва АҚШ кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисида қўшма баёнот берди
24 Декабрь 12:39

Қозоғистон ва АҚШ кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисида қўшма баёнот берди

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Акан Рахметуллин ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу Кенгайтирилган стратегик шериклик комиссиясининг (КСШК) йиллик йиғилишини муваффақиятли ўтказди, дея хабар беради Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

2021 йилнинг 15 декабр куни Нур-Султан шаҳрида Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ақан Рахметуллин ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича комиссиянинг йиллик йиғилишини муваффақиятли ўтказди.

Давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табрик йўллади. 30 йил давомида Қўшма Штатлар Қозоғистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлигини тасдиқлаб келди. Томонлар бир-бирини Қозоғистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклади.

Олий даражадаги делегатлар бир қатор муҳим икки томонлама ва минтақавий сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар. Қўшма Штатлар Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини, жумладан, 2021 йил 9 июндаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича келгуси чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини олқишлади. Ҳар икки томон 2022 йил бошида Демократик ислоҳотлар бўйича Олий даражадаги Мулоқотнинг биринчи йиғилишига амалий тайёргарликни бошлашга келишиб олди.

Қўшма Штатлар Қозоғистонга терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги, тинчликни сақлаш, ядровий қуролларни тарқатмаслик, иқлим ўзгариши ва минтақавий хавфсизлик каби умумий муаммоларни ҳал қилишда мустаҳкам ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирди. Қўшма Штатлар Қозоғистонни хорижлик жангчилар ва уларнинг оилаларини уруш зоналаридан қайтариш бўйича етакчилиги учун олқиш билдирди ҳамда ҳамкорликни давом эттиришга ваъда берди. Иштирокчилар Қозоғистон ядро қуролини тарқатмаслик тамойиллари ва амалиётларини моделлаштириш бўйича дунёда етакчи эканлигини таъкидладилар. Қўшма Штатлар хавфсизликни таъминлаш ва Семипалатинск ядровий полигонининг оқибатларини юмшатиш учун Қозоғистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишга содиқ қолади.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари А.Рахметуллин ва Давлат котиби ёрдамчиси Д.Лу АҚШ ва Қозоғистоннинг афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди. Қўшма Штатлар USAID ваколатхонаси ходимларининг Кобулдан Алматига вақтинча кўчирилгани учун миннатдорчилик билдирди ва Қозоғистоннинг Алматида минтақавий гуманитар марказ яратиш ташаббусини қайд этди. Ҳар икки томон C5+1 ва Савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битим (ТИФА) доирасида минтақавий ҳамкорликни янада фаоллаштириш тарафдорилигини билдирди.

ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари А.Рахметуллин ва АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Д.Лу Комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2022 йилда Вашингтонда ўтказиш ниятини билдирди. Шунингдек, ташқи ишлар вазири М.Тлеубердининг 2022 йилнинг биринчи ярмида Вашингтонга ташрифи муҳокама қилинди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив