Қозоғистон Ҳукумати қанд лавлаги етиштириш учун субсидияларни оширади

Фото:
ASTANA. Кazinform – Келгуси йилдан бошлаб субсидия ставкасини 15 минг тенгедан 25 минг тенгега ошириш ҳисобига қайта ишлашга жўнатилган бир тонна қанд лавлагининг таннархи 40 минг тенгега кўтарилади, дея хабар беради Кazinform Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Абилхайр Тамабекнинг Жетису вилоятидаги лавлаги етиштирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари ва фермерлари билан бўлган учрашувида шакар саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳақида сўз борди.

Хусусан, фермер хўжаликларининг қанд лавлаги етиштиришга сарфлаётган харажатлари йил сайин ортиб бораётгани, жорий йилда 1 гектар майдон учун сарфланган маблағ 900 мингдан 1 миллион тенгега етгани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лавлаги етиштирувчиларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш усулларини қайта кўриб чиқиш бўйича сўровларини инобатга олиб, субсидия меъёрларини оширди. Шу тариқа хомашё қабул қилиш нархи аввалги 30 минг тенге ўрнига 40 минг тенгега кўтарилди. Бунинг туфайли қанд лавлагининг рентабеллиги маккажўхори, колза, соя каби экинлар даражасига тенг.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, шунингдек, лавлаги етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом этиши, қанд саноатини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилганини ҳам таъкидлади.

Қайта ишлашга топширилган қанд лавлаги учун субсидияни ошириш учун келаси йилда қарийб 11,5 миллиард тенге бюджет маблағи йўналтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, бугунги кунда уруғлик, гербицидлар, ўғитлар нархининг 50 фоизи ва техника қийматининг 25 фоизи субсидияланган бўлса, субсидиялашнинг янги қоидаларида техниканинг рухсат этилган максимал қиймати чегараларини янгилаш кўзда тутилган.



«Бундан ташқари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида лавлаги йиғиш машиналарини харид қилиш учун компенсация меъёрини 50 фоизга ошириш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги қоидалари 2023 йилдан кучга кириши кутилмоқда», — деди Абилхайр Тамабек.

Йиғилишда фермерлар қанд саноатини ривожлантириш истиқболлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, даромад, яъни фойда ўсишига бевосита хизмат қилувчи агротехнологияларни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Шакар саноатини 2026 йилгача ривожлантириш комплекс режасини амалга ошириш доирасида экин майдонларини 38 минг гектарга етказиш режалаштирилган.

Фото: Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


Сўнгги хабарлар