Валюталар курси:
    usd/kzt 434.48 eur/kzt 492.61

    rub/kzt 5.68 cny/kzt 68.44
Об-ҳаво маълумотлари:
Нур-Султон : -13 °С
Алматы: -1 °С

Қозоғистон ТИВ: сув тошқини юзасидан Ўзбекистонга нота юборилмайди

5 Май 15:27

NUR-SULTAN. Kazinform – Туркистон вилоятида турар-жойларни сув босганлиги сабабли Ўзбекистон томонига Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотасини юбориш масаласи кўриб чиқилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Сардоба сув омборининг бузилиши ва Туркистон вилоятидаги бир қатор аҳоли пунктларини сув босиши ҳукуматимизнинг алоҳида назорати остида.

Маълумки, шу йил 2 май куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва суҳбат давомида томонлар вазиятни муҳокама қилишди ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари биргаликда ишлашига келишиб олдилар.

Сув тошқинининг оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича Ҳукумат ва чегараолди ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро яқин ҳамкорлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон томонига Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотасини юбориш масаласи кўриб чиқилмайди», - деди А.Смадияров.

Вазирлик расми вакилининг айтишича, Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев шошилинч равишда Ўзбекистоннинг қўшни вилоятларига ташриф буюрган. У ўзбек томони билан зарур музокаралар олиб борди ва унинг натижалари тўғрисида Ҳукуматнинг бугунги йиғилишида ҳисобот берди.

«Маълумки, бош вазир ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси тузилган. Эртага у биргаликда ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун Туркистон вилояти ва Ўзбекистонга ташриф буюради.

Икки томон ўртасидаги барча алоқалар Абадий дўстлик ва стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенция қоидаларига тўла мос равишда амалга оширилади», - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни соат 05:55да ЎР Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг тўғони бузилиши оқибатида сув тошқини юзага келган ва Сирдарё вилоятидаги бирқатор аҳоли пунктлари эвакуация қилинган.
Сув тошқини Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудидаги аҳоли пунктларига зарар етказганлиги боис, давлатлар раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилиб, кейинчалик ҚР Президенти сув омбори бузилиши юзасидан Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Бугун Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев келтирилган зарар ҳажми ҳақида дастлабки маълумотларни келтириб ўтди ва Ўзбекистон Мақтааралдаги барча коллекторларни тозалашда ёрдам беришини маълум қилди.
Новости по теме
Ўхшаш янгиликлар