Қозоғистон ташкилотнинг муҳим аъзоси бўлиб қолади – ЕХҲТ раҳбари
1 Июнь 21:33

Қозоғистон ташкилотнинг муҳим аъзоси бўлиб қолади – ЕХҲТ раҳбари

NUR-SULTAN. Кazinform - ЕХҲТ Қозоғистон билан ҳамкорликни юқори баҳолайди. Бу ҳақда ЕХҲТ раиси, Польша Республикаси Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Биз (Қозоғистоннинг) ЕХҲТдаги иштирокининг 30 йиллигини нишонлаяпмиз. Қозоғистон ЕХҲТнинг муҳим аъзоси бўлиб қолмоқда. Мамлакат раислигида, шунингдек, 2010 йилда пойтахтда бўлиб ўтган ЕХҲТ саммити бунинг далилидир», — деди Збигнев Рау Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидаги музокаралардан сўнг.

ЕХҲТ раҳбари январ воқеаларидан кейин Қозоғистонда вазият барқарорлашганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, мулоқот йўлга қўйилган, мамлакат аҳолиси учун хавфсизлик масалалари ҳал этилган, бу бутун Марказий Осиё минтақаси учун жуда муҳим.

«Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан барча босқичларда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги яхшиланишдан далолат беради. Энг ёрқин мисол - Конституцияга киритилган ўзгартиришлар. Биз Қозоғистон Ҳукумати билан ҳамкорликни юқори баҳолаймиз ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда давом этамиз», — дея қўшимча қилди Збигнев Рау.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ЕХҲТ билан яқин ҳамкорликка тайёр экани хабар қилинганди. Минтақавий ва глобал хавфсизлик масалаларида, шу жумладан Украинадаги вазият контекстида Қозоғистоннинг мувозанатли кўп векторли ташқи сиёсат юритиш йўналишининг ўзгармаслиги тасдиқланди.

Бундан аввал Польша ТИВ раҳбари Парламент Мажилиси спикери Ерлан Қошанов билан учрашди. У Қозоғистонга ЕХҲТнинг янги сайланган раиси сифатида минтақа бўйлаб ўрганиш сафари доирасида келган. Қозоғистондан ташқари Ўзбекистон ва Мўғулистонга ҳам ташрифлар режалаштирилган.

Муаллиф: Анеля Қасимова

Янгиликлар

Архив