Қозоғистон Республикаси Президенти Россия ва Хитой элчиларини қабул қилди

None
ASTANА. Кazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Россия ва Хитой элчиларини қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбари Россия Федерацияси Элчиси Алексей Бородавкин билан суҳбат чоғида Президент Владимир Путиннинг Қозоғистонга бўлажак ташрифи, шунингдек, жорий йилнинг кузида Қостанайда бўлиб ўтадиган ХIХ минтақалараро ҳамкорлик форуми муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистондаги Элчиси Чжан Сяо билан учрашувда жорий йилнинг май ойида Сиань шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё + Хитой» саммитининг долзарблиги ҳамда Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ХХР га режалаштирилган давлат ташрифи муҳимлиги ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Украинадаги вазиятни сиёсий йўл билан тартибга солиш борасидаги тинчликпарвар саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Сўнгги хабарлар