Қозоғистон Президентининг Сингапурга расмий ташрифини ташкил этиш муҳокама қилинди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Сингапурга расмий ташрифи режалаштирилмоқда, дея хабар беради Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Сингапурга расмий ташрифи доирасида мамлакат Президенти Ҳалима Ёқуб томонидан Истана расмий қароргоҳида қабул қилинди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. М.Тлеуберди Сингапур раҳбарига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг эзгу тилаклари ва саломини етказди. Давлат раҳбарининг Сингапурга бўлажак расмий ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдуми натижалари билан таништирди, шунингдек, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Янги Қозоғистон»ни яратиш йўлидаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлари ҳақида сўзлаб берди.



Халима Якуб Қозоғистон Республикаси Президентига ўзининг самимий саломини изҳор этиб, Қозоғистон ва Сингапур ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ишончга асосланган ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари юксак даражада эканини қайд этди.

Сингапур Президенти Қозоғистоннинг Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ва глобал динлараро мулоқотни ривожлантиришга интилиш йўналишида Нур-Султанда бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойида иштирок этувчи мамлакатлар саммити доирасидаги фаолиятини юқори баҳолади.



Шу куни ТИВ раҳбари М.Тлеуберди Сингапур Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири, Халқ ҳаракати партиясининг тўртинчи авлод (4G) жамоасининг сиёсий раҳбари Лоуренс Вонг билан музокаралар ўтказди.

Қозоғистоннинг Сингапур билан ҳамкорлигининг муҳим элементи транспорт, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликдир. Шу муносабат билан томонлар иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.



Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтириш ва Қозоғистон-Сингапур корхоналарининг ишлаб чиқариш саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш ва молия соҳаларидаги лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сингапур томонига «Астана» халқаро молия маркази фаолияти ва Марказнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Капитал бозорини ривожлантириш бўйича Сингапур тажрибасини ўрганиш Қозоғистон молия маркази учун жуда муҳим экани таъкидланди.

Фото: gov.kz

Сўнгги хабарлар