Қозоғистон Президенти раислигида ОЕИК йиғилиши бошланди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгашининг (ОЕИК) навбатдаги йиғилиши бошланди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг Президентлари онлайн режимда иштирок этган тадбирда Иттифоқнинг ички бозоридаги тўсиқларни бартараф этиш, шу пайтгача амалга оширилган ишлар натижалари, 2020 йилда халқаро фаолиятнинг муҳим йўналишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгашга аъзо давлатлар раҳбарлари 2021-2022 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларини, тиббий мақсадларда фойдаланиш учун фармацевтик субстанциялар ва дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қиладилар.

Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгашининг фахрий раиси, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян, Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси Михаил Мясниковичнинг чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, Куба Республикаси Президенти Мигел Диас-Канел ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши ҳузуридаги кузатувчи давлатлар раҳбарлари сифатида қатнашмоқдалар.

Аввалроқ Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтиши ҳақида хабар берилган эди.


Сўнгги хабарлар