Қозоғистон Президенти: Ҳозирги мураккаб даврда Марказий Осиё ва Европа ўртасида девор эмас, кўприк қуришимиз керак

Фото:
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши Президентининг учрашувида иштирок этди, деб хабар бермоқда Ақорда.

Қозоғистон Президенти йиғилишдаги нутқида Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтказилаётган ушбу учрашув рамзий маънога эга эканлигини таъкидлади.

«Айтишни истардимки, Европа Иттифоқи биринчилардан бўлиб Марказий Осиёни чуқур тарих ва умумий маданиятга эга ягона, бирлашган минтақа сифатида тан олди. Ўтган 30 йил ичида Европа Иттифоқи билан муносабатларимиз сезиларли даражада ривожланиб, Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича ҳудудлараро мулоқот йўлга қўйилган ва салоҳиятимиз ҳали ҳам катта. Бугунги олий даражадаги учрашув сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ўзаро конструктив муносабатларни янада кенгайтиришга интилаётганимизнинг ёрқин далилидир»

, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, Осиё ва Европа қитъалари туташган маконда жойлашган Марказий Осиё геосиёсий марказлар ва жаҳон бозорлари ўртасидаги боғловчи кўприк саналади. Президент, шунингдек, минтақалараро ҳамкорликни кенг миқёсда ривожлантириш истаги Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенг қамровли мулоқот учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.

«Дунё тез ўзгармоқда. мисли кўрилмаган геосиёсий кескинлик туфайли юзага келувчи таҳдидни Марказий Осиё ҳам сезади. Бугунги кунда Евроосиё марказида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш жуда муҳим. Ҳозирги мураккаб даврда Марказий Осиё ва Европа давлатлар ўртасида девор эмас, кўприк қуришимиз керак»

, — деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари савдо-иқтисодий ва сармоявий фаолиятни ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этди. Бугунги кунда Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий иқтисодий ва савдо шерикларидан бири ҳисобланади.

«Сўнгги ўн йил ичида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига 120 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Бу, аслида, минтақага киритилаётган тўғридан-тўғри сармоянинг 40 фоизини ташкил этади. Жами маблағнинг қарийб 70 фоизи Қозоғистонга ажратилган. Жорий йилнинг 8 ойида Қозоғистон ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 30 миллиард долларга етди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиздан ортиқ ўсди. Айни пайтда Қозоғистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Европа капитали улушига эга уч мингга яқин компания фаолият юритмоқда»

, - деди Давлат раҳбари.

Президентнинг фикрича, минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш тузилмаси янада мувозанатли бўлиши керак.

«Қозоғистон машинасозлик, темир-пўлат ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда йилига 1,5 миллиард долларлик 100 дан ортиқ қайта ишланган маҳсулотларни таклиф қилиши мумкин. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг истиқболлари катта. Маълумки, ҳар йили биз хорижга, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатларига 5 миллион тоннадан ортиқ буғдой экспорт қиламиз. Фақат ўтган йилнинг ўзида Қозоғистон томонидан Европа мамлакатларига экспорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 32 фоизга ошиб, 630 миллион долларга етди. Шу сабабдан Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал ўғитлар етказиб беришда давом этиши мумкин. «Яшил» энергия алоҳида масала. Бу йўналишда ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Умуман олганда, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик давом этишига ишонаман»

, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.



Бундан ташқари, йиғилишда Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хўжамурат Гелдимурадовлар сўзга чиқди.



Йиғилиш якунида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши Президентининг ОАВ учун қўшма баёноти қабул қилинди.









Сўнгги хабарлар