Қозоғистон Президенти озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Глобал саммитда иштирок этди

None
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Африка Иттифоқи ва Европа Иттифоқи қўшма раислигида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтказилган Глобал саммитда иштирок этди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Йиғилишда Европа кенгаши раиси Шарл Мишел, Испания Бош вазири Педро Санчес, Канада Бош вазири Жастин Трюдо, Сенегал Президенти Маки Салл, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва бошқа жаҳон сиёсатчилари иштирок этди.

Давлат раҳбари бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, 2019 йилда ушбу форматда ўтказилган сўнгги йиғилишдан бери озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётганлар сони 135 миллиондан 345 миллион кишига кўпайгани қайд этилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон келгусида глобал озиқ-овқат тақчиллигига қарши курашиш учун қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан фойдаланиш ниятида эканини айтди.

Хусусан, Президент мамлакатимиз ғалла ва бошқа асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ишончли етказиб берувчиси бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Давлат раҳбари очарчиликка қарши курашни кучайтиришга чақирди. Шу билан бирга, Президент озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти ва БМТнинг минтақадаги институтлари билан турли харид лойиҳалари, жумладан, Афғонистон эҳтиёжлари учун ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Президент Қора денгиз дон ташаббусини амалга ошириш тарафдори бўлиб, озиқ-овқат ва ўғитларни барча санкция ва чекловлардан озод қилиш, уларни қашшоқ мамлакатларга етказиб беришни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатнинг транзит ва транспорт имкониятлари, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт коридорининг салоҳияти ҳақида гапирди.

«Келгуси йилларда Қозоғистон орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошишини кутмоқдамиз. Қозоғистон қисқа муддатда энергия ресурслари ва зарур хомашё тақчиллигини камайтиришга қодир бўлади»

, - деди Давлат раҳбари.

Президент иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат тизимларининг таркибий заифлиги билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталди. Шунингдек, Қозоғистон халқаро транзит хаб сифатида глобал ва барқарор таъминот занжирини яратишга қодир эканини айтди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқини якунлар экан, ўтган асрнинг 30 йилларида Қозоғистон очарчилик фожиасини бошидан кечирганини, шу боис озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилишдан тўлиқ манфаатдор эканини айтди.


Фото: akorda.kz


Сўнгги хабарлар