Қозоғистон Президенти олий ҳарбий ва махсус унвонлар, синф унвонларини топширди

None
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Республика куни муносабати билан олий ҳарбий ва махсус унвонлар, синф унвонларини топширди, дея хабар бермоқда Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев тадбир иштирокчиларини мамлакатнинг энг улуғ байрами – Республика куни билан табриклаб, 1990 йил 25 октябрда давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинганини эслатди.

Унинг сўзларига кўра, бу Қозоғистон мустақиллигига йўл очган тарихий ҳужжатдир.

Президент мамлакат тарихидаги ўта муҳим санага умумхалқ байрами мақоми берилганини таъкидлаб, жорий йилдан бошлаб ушбу байрамни юксак савияда нишонлашимизни таъкидлади.

«Ҳарбий ва махсус унвонлар, синф унвонлари биринчи марта Республика байрами муносабати билан берилади. Менимча, бу жуда мантиқий қарор. Аждодларимиз юртни мардонавор ҳимоя қилишган. Йигитларимиз душман келмасин, деб ҳар доим қуролини шай ушлаган. Сиз ўша аждодлар йўлини давом эттирасиз. Суверенитетнинг бутун қадр-қиммати ер яхлитлиги ва юрт тинчлигидадир. Сиз мана шундай қимматбаҳо қадриятларни ҳимоя қиласиз. Ишончли армиямиз ва бошқа хавфсизлик тузилмалари давлатимизнинг мустаҳкам қалқонидир»

, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.



Давлат раҳбари ҳозирги замон нақадар мураккаб эканини кўрсатиб, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ғоят муҳим вазифа эканига эътибор қаратди.

«Биз барча соҳаларда темир тартиб-интизомни сақлашимиз керак. Агар мамлакатга таҳдид бўлса, биз ҳар қандай вақтда жавоб беришга тайёр бўлишимиз керак. Ватан сарҳадларини қўриқлаш, унинг бутунлигини асраш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Буни тушунишимиз керак. Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш муқаддас бурч ва юксак масъулиятдир. Сизлар бу масъулиятни чуқур ҳис этиб, юртимиз пойдеворини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшасиз. Ватанимизни ҳимоя қилиш учун кечаю кундуз хизмат қилдингиз. Энг аввало, ёш аскарлар сизга қараб, улардан ўрнак олади. Бинобарин, генерал деган улуғ номга доғ туширмаслик, офицер шаънини баланд тутиш жуда муҳимдир»

, - деди Президент.



Қозоғистон Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар ва махсус ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тақдирланиши уларнинг Ватан ҳимоясидаги аъло хизматлари учун юксак баҳо эканини таъкидлади.



«Фуқароларимизнинг тинч ҳаёти ва осойишталигини ҳимоя қилаётган ҳар бирингизни ҳурмат қиламиз. Ўсиб бораётган геостратегик кескинликлар шароитида куч тузилмаларининг аҳамияти бир неча баробар ортиб бормоқда. Армия, ҳуқуқ-тартибот ва махсус органлар мамлакатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли таянчи, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги кафолатидир»

, - деди Давлат раҳбари.







Қасим-Жомарт Тоқаев Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлашга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Миллий манфаатларимиз ва жамиятдаги барқарорликни ҳимоя қилувчи барча фуқароларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг доимо устувор йўналиши бўлиб қолади. Куч тузилмалари фаолиятининг самарадорлиги, биринчи навбатда, раҳбарларнинг, яъни генералларнинг профессионал маҳоратига асосланади. Одамлар ҳаёти ва тақдири, ижтимоий тузум, юрт фаровонлиги ва барқарор тараққиёти касбий маҳоратингизга боғлиқ»

, - деди Президент.

Маросимдан сўнг Давлат раҳбари янги унвонлар қўлга киритганларни табриклаб, инсон учун халқига иккиланмасдан хизмат қилишдан ортиқ бахт йўқлигини таъкидлади.

«Жонажон Ватанимизни, муқаддас мустақиллигимизни асраш ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчидир. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака тилайман! Республика куни муборак! Мовий байроғимиз доимо баланд кўтарилиб турсин!»

, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.



Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар