Қозоғистон Президенти миллий спорт турларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди

None
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Миллий спорт турлари ассоциацияси президенти Исламбек Салжановни қабул қилди, дея хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаевга ассоциациянинг ўтган йили амалга оширилган ишлари якунлари ва келгуси давр учун режалари ҳақида сўзлаб берилди.

Исламбек Салжановнинг айтишича, «Кўпкари», «Жамби ату», «Аудариспақ», «Тенге илу», «Байге», «Қусбегилик», «Анъанавий камондан отиш», «Тўққизқумалақ», «Асиқ ату» каби миллий спорт федерациялари жамиятга бирлаштирилди. Шу билан бирга, миллий спорт турларининг ривожланиши ўрганилиб, алоҳида республика федерациялари билан ташкилий ишлар бошлаб юборилди.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси Қозоғистоннинг 2024 йилда V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ўтказиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлаган эди.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев келгуси йилда мамлакатда кенг кўламли тадбирни сифатли ва юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, V Жаҳон кўчманчилар ўйинлари миллий спорт тадбирлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Ушбу халқаро спорт мусобақасини ҳунармандчилик, туризм, хизмат кўрсатиш соҳаси каби кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун самарали ташкил этиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратиш зарур.

Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти миллий спорт турларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва от спорти ўйинларида хавфсизлик масаласини кўриб чиқишни топширди.

Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар