Қозоғистон Президенти ўқувчиларнинг инновацион ижодий марказига ташриф буюрди

None
Фото: akorda.kz
ASTANA. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Алмати шаҳрига ташрифининг иккинчи куни Науризбай туманида жойлашган мактаб ёшидаги болалар учун инновацион ижодий марказ фаолияти билан танишишдан бошланди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Марказда ўқувчиларни илмий-техник, бадиий-эстетик ижодиётга жалб этиш, экологик-ботаник дунёқарашини кенгайтириш, бўлажак касбини танлашга йўналтирувчи тўгараклар, секциялар фаолият кўрсатяпти.

Давлат раҳбари Марказнинг касбга йўналтириш бўлими ҳамда авиамоделлаштириш, виртуал лаборатория, муқобил энергия манбалари каби тўгараклар фаолияти билан танишди.

Марказ билан танишиш чоғида Давлат раҳбари болалар билан суҳбатлашди, уларни бугунги байрам билан табриклади. Шунингдек, бундай марказлар болаларнинг истеъдод ва қобилиятини ривожлантириш учун жуда зарур эканлигини таъкидлади.

Президент болалар ўзларига ёқадиган иш билан шуғулланишса, ҳаётда катта муваффақиятларга эришиб, жамиятда обрў-эътиборли фуқаролар бўлиб етишишини таъкидлаб, уларга омад тилади.

Уч қаватли бинода жойлашган инновацион ижодий марказда бир вақтнинг ўзида 1000 нафардан ортиқ бола турли тўгараклар ва спорт секцияларига қатнашиши мумкин. Бундан ташқари, психологик-педагогик коррекция, дефектолог, логопед кабинетлари, шунингдек, 300 ўринли аудитория зали, медиакўргазма, интерфаол ўйин ва коворкинг зоналари мавжуд.

Алмати шаҳар ҳокимининг ўринбосари Асем Нусипова Давлат раҳбарига шаҳарда қўшимча таълим соҳасини ривожлантириш ҳақида ҳисобот берди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда шаҳарда қўшимча таълим берувчи 17 та муассаса фаолият кўрсатяпти. Мактаб ёшидаги 320 минг нафар боланинг атиги 10 фоизи бепул тўгараклар ва спорт секциялари билан таъминланган.

Президентнинг топшириғи билан «100 та замонавий ўқувчилар саройи қуриш» дастурини амалга ошириш мақсадида Алатау туманида яна бир ана шундай инновацион ижодий марказ барпо этилди.

Шунингдек, болаларнинг бундай масканлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Турксиб ва ​​Бостандиқ туманларидаги эски мактаб бинолари ўрнига янги тараққиёт ва ижодиёт марказларини қуриш режалаштирилган. Умуман олганда, 2025 йил охиригача шаҳар раҳбарияти бепул қўшимча таълим билан қамраб олиш даражасини 25 фоизга етказмоқчи.


Сўнгги хабарлар