Валюталар курси:
    usd/kzt 424.84 eur/kzt 453.6

    rub/kzt 7.3 cny/kzt 63.91
Об-ҳаво маълумотлари:
Нур-Султон : 1 °С
Алматы: 15 °С

Қозоғистон Президенти Хитой Ҳукуматининг махсус вакилини қабул қилди

30 Декабрь 16:07

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэйни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Суҳбат чоғида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ли Хуэйга ҳурмат бажо келтирди ва унинг Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси сифатидаги фаолияти давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини қайд этди. Президент ўзаро ҳамкорлик, жумладан, 2019 йил сентябр ойида Пекинга давлат ташрифи чоғида имзоланган Абадий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация доирасида ҳам жадал ривожланаётганини таъкидлади.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар доимо ривожланиб боради. Пандемия сабаб бўлган қийинчиликларга қарамай, сўнгги 10 ой ичида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ўсди. Ўйлайманки, келгуси йилда ҳам, келгуси йилларда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги савдо муваффақиятли ривожланади», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари жорий йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган IV Хитой халқаро импорт товарлари кўргазмасини юқори баҳолаб, видеомурожаат билан чиқди. Шунингдек, у ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича келгусидаги ишлар муҳимлигини таъкидлади.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинга самимий саломлар етказди ва келгуси йилда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишини кутаётганини айтди. Ушбу муҳим воқеанинг аниқ санаси дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.

Ли Хуэй Президентга янги йил байрами арафасида учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклади. Махсус вакилнинг сўзларига кўра, бу даврда Қозоғистон Нурсултан Назарбаевнинг доно раҳбарлигида улкан ютуқларга эришди ва ҳозир Қасим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда жадал ривожланмоқда.

«Қозоғистон 30 йиллик мустақиллик йўлида улкан ютуқларга эришди. Энди юртингиз бутун дунё ҳурмат қиладиган нуфузли давлатга айланди. Хитой-Қозоғистон муносабатларига келсак, ўтган йиллар давомида биз дўстона ва стратегик муносабатларимизни ривожлантириш йўлида катта муваффақиятларга эришдик. Биз ушбу ҳамкорликда эришган натижалардан фахрланамиз. Бу фақат биринчи 30 йил. Келгусида ҳам анъанавий дўстлик ва стратегик шериклигимизни елкама-елка давом эттирамиз», - деди Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг махсус вакили.

Хитойлик дипломат Қозоғистон Президентига келаси йили Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш таклифини топширди.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев ўзаро манфаатли Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун, шунингдек, Қозоғистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ли Хуэйни II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.



Новости по теме
Ўхшаш янгиликлар