Қозоғистон Президенти Европа Кенгаши Президенти билан музокаралар ўтказди

None
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан музокара ўтказди, дея хабар бермоқда Kazinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев Шарль Мишельга ҳурмат бажо келтирар экан, Европа Иттифоқи билан стратегик шерикликни ривожлантириш Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб келганини таъкидлади.

«Сизнинг ташрифингиз Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикликнинг барча соҳаларида эришилган муҳим ютуқлар ҳақида гапириш учун яхши имконият бўлади. Келгуси йили биз дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Қозоғистонга расмий ташрифингиз ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтаришдан манфаатдор эканлигимизни англатади»

, — деди Қозоғистон Президенти.



Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Марказий Осиёда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи давлат эканини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, юқори даражадаги доимий алоқалар Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенг қамровли мулоқотни ривожлантириш учун катта имконият яратади.

Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликдан мамнун эканини таъкидлади.

«Биз биринчи марта Брюссельда учрашгандик. Ўшандан буён яқин муносабатлар ўрнатиб, турли соҳаларда ишлаяпмиз. Минтақавий миқёсда ҳамкорлик қилиш муҳим. Ҳамкорлигимизнинг долзарб масалалари, жумладан, иқлим ўзгаришини муҳокама қилиш учун Сиз билан яна учрашганимдан хурсандман»

, — деди Шарль Мишель.



Учрашувда энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, транспорт ва логистика масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Марказий Осиё – Европа Иттифоқи форматидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар