Қозоғистон олимлари Орол денгизи тубига дарахт экишнинг янги технологиясини ишлаб чиқди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон олимлари Орол денгизи тубига фитомелиоратив технология орқали дарахт экиш керак, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда С.Сейфуллин номидаги Қозоғистон агротехника университети бошқаруви раисининг халқаро алоқалар ва стратегик режалаштириш бўйича ўринбосари Ерлан Нисанбаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бугунги кунда мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасида қатор илмий изланишлар олиб борилмоқда. Улардан бири Орол денгизининг қуриган тубига фитомелиоратив технологиядан фойдаланган ҳолда кўчатлар экиш имкониятидир. Янги технологиялар ёрдамида дарахт ва буталар экиш денгиздан атмосферага чиқаётган чанг ва тузлар миқдорини камайтиришга, маҳаллий аҳолига зарар етказувчи касалликлар сонини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, у янги яйловларнинг пайдо бўлишига имкон беради. Шунга кўра, Оролбўйида экологик вазият яхшиланади. Мустақиллик йилларида қуриб қолган Орол денгизида 100 минг гектардан ортиқ майдонга саксовул экилди», – деди Е.Нисанбаев пойтахтда бўлиб ўтган «Мустақиллик ва Қозоғистон агросаноат мажмуасини ривожлантириш» анжуманида.

Шунингдек, маърузачи пойтахт атрофидаги яшил ҳудуд бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

«Пойтахт яқинидаги яшил зонада тупроқ таркибини яхшилаш, шўрланиш даражасини пасайтириш ва унумдорлигини ошириш бўйича тажрибалар ўтказилди. Ўсимликлар ва дарахтларнинг ўсишига халақит берадиган бегона ўтларга қарши курашда гербицидлардан фойдаланиш усуллари ўрганилди. Яшил зонада ўрмон-парк ландшафтларини яратиш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилди. Олимлар меҳнати туфайли 100 минг гектарга яқин майдонга 28 турдаги дарахт экилди. Айни пайтда яшил белбоғ ҳудуди пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг ҳордиқ чиқаришини таъминламоқда», - деди у.

Бундан ташқари, Е.Нисанбаевнинг айтишича, мамлакатимиз олимлари ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган дарахт турларини «инвитро» усулида етиштириш усулини ишлаб чиққан.

Унинг фикрича, бу усул биохилма-хиллик учун муҳим.


Муаллиф: Али Ибраев


Сўнгги хабарлар