Қозоғистон Марказий Осиёда тиббий туризм марказига айланмоқда – Тоқаев

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Нур-Султанда бўлиб ўтаётган халқаро нейрохирургия форуми иштирокчиларига табрик мактуби йўллади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ерали Тоғжанов Давлат раҳбарининг форум иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.

«Ҳурматли форум иштирокчилари! Сизларни халқаро нейрохирургия форуми ва шу муносабат билан ташкил этилган тематик кинофестивалнинг очилиши билан табриклайман. Жаҳонга машҳур академик А.Коновалов бошчилигидаги малакали олимларнинг бугунги йиғилиши, шубҳасиз, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш ривожига янги суръат бағишлайди», — дейилади Президент табригида.

Шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев ўз мактубида мазкур тадбирни ташкил этаётган Миллий нейрохирургия маркази Қозоғистонда нейрохирургия соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

«Ушбу муассаса Марказий Осиёдаги энг яхши тиббиёт ташкилотлари қаторига киради. Ўтган йили бу ерда вилоятда биринчилардан бўлган «гамма-пичоқ» ускунаси ўрнатилди. Ўтган йил давомида 500 га яқин ўта мураккаб операциялар бажарилди. Мамлакатимизда жаҳонга машҳур мутахассислар билан яқин алоқалар ўрнатиш, тажриба алмашиш, шунингдек, мамлакатимиз нейрохирургиясига илғор технологияларни жорий этиш учун барча шароит яратилган. 2025 йилга қадар Миллий ривожланиш режасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш асосий устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шифокорларимиз аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Қозоғистон минтақадаги тиббий туризм марказига айланиб бормоқда. Бугунги йиғилишда замонавий илм-фан янгиликларини юрт фаровонлигига йўналтирувчи кўплаб янги ғоялар тақдим этилишига ишонаман», — дейилади Президент табригида.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Сўнгги хабарлар