Қозоғистон Қирғизистонга минерал сув, сариёғ, парранда гўшти ва макарон маҳсулотларини экспорт қилади

None
None
BISHKEK. Кazinform - Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланади, деб хабар беради Кazinform.

Эслатиб ўтамиз, кеча Бишкекда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашган эди.

Давлат раҳбарлари агросаноат мажмуининг бир қатор йўналишлари: ўсимликчилик, чорвачилик, ветеринария, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва автоматлаштириш, ўсимликлар карантини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Тегишли идоралар раҳбарлари Бишкекда қишлоқ хўжалиги соҳасида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида меморандум имзолади.

Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

«Биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро айирбошлаш ҳажмини оширишни икки вазирлик ҳамкорликдаги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрамиз. Қозоғистон Қирғизистонга ўзаро манфаатли шартларда ун, ўсимлик ёғи, макарон, тухум, сут маҳсулотлари, шоколад ва қандолат маҳсулотларини етказиб беришни давом эттиришдан манфаатдор. Ўз навбатида Қирғизистондан эртапишар сабзавотлар (картошка, сабзи, пиёз) харид қилишга қизиқамиз. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, унинг тузилмасини такомиллаштириш, етказиб бериладиган товарлар турини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришни таклиф қиламиз. Ишончим комилки, ушбу меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади», - деди Ербол Қарашўкеев.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январ-март ойларида Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қайта ишлаш маҳсулотлари айланмаси 43,4 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Бу даврда Қозоғистондан Қирғизистонга экспорт қилинган маҳсулот ҳажми 28,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Экспортнинг асосий ҳажмини сув, жумладан, минерал ва газланган сувлар, шунингдек, ҳайвонот ва ўсимлик мойлари, макарон маҳсулотлари, парранда гўшти ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, нон ва ун маҳсулотлари ҳамда бир қатор бошқа маҳсулотлар ташкил этади.

2022 йилнинг январ-март ойларида Қирғизистондан Қозоғистонга импорт ҳажми 14,7 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.


Сўнгги хабарлар