Қозоғистон кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлиб қолади – БМТ Женева бўлими Бош директори

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform - БМТнинг Женевадаги бўлими Бош директори Татьяна Валовая қозоғистонлик дипломатларни 30 йиллик юбилейи билан табриклади, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Мен Қозоғистон Республикасининг барча дипломатик корпусини ушбу муҳим юбилей билан самимий табриклайман. Мустақиллик йилларида Қозоғистон ўзининг тинч, барқарор ва изчил ривожланаётган давлат сифатидаги обрўсини мустаҳкамлади, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорликка содиқлигини тасдиқлади. Қозоғистоннинг қуролсизланиш ва ядро қуролини тарқатмаслик бўйича глобал кун тартибига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидламоқчиман», - деди Татяна Валовая «Қозоғистон Республикаси замонавий халқаро муносабатлар тизимида» халқаро конференциясида сўзлаган нутқида.

Маърузачи, шунингдек, Қозоғистон ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани тайёрлашда муҳим рол ўйнаганини, шунингдек, 29 августни Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни деб эълон қилиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлади.

«Кўп йиллар аввал айнан шу куни Семей ядровий полигони расман ёпилган эди. Қозоғистон фуқаролари ядровий синовларнинг саломатлик ва атроф-муҳитга етказадиган зарарини жуда яхши билишади. Дунёдаги барча ядровий қурол синовларининг чорак қисми Семей полигонида ўтказилган. 1 миллиондан ортиқ қозоғистонликлар қурбонлар деб тан олинган. Орадан бир неча йил ўтиб Қозоғистон Марказий Осиёда ядровий синовдан холи ҳудуд яратиш бўйича муҳим ташаббус билан чиқди. 2006 йил 8 сентябрда собиқ Семей полигони ҳудудида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги битим имзолангани рамзий маънога эга. Мустақиллик эълон қилинганидан бери Қозоғистон кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тамойилларига содиқ қолди», — дея қўшимча қилди Татьяна Валовая.

Муаллиф: Серик Сабеков


Сўнгги хабарлар