Қозоғистон кўмир станцияларини газга ўтказишдан манфаатдор – ҚР Бош вазири

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Жаҳон нефть кенгаши президенти Педро Мирас билан учрашди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда Қозоғистоннинг жаҳон энергетика ҳамжамияти билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Алихан Смаилов Ҳукумат Қозоғистоннинг жаҳон саноат ҳамжамиятининг ишончли ва масъулиятли аъзоси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун барча зарур чораларни кўраётганини таъкидлади.

Масалан, мамлакат иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини ратификация қилди ва 2030 йилгача атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини 15 фоизга камайтириш мажбуриятларини олди ва айни пайтда 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегиясини ишлаб чиқмоқда.

«Қозоғистон кўмир станцияларини газга ўтказиш, нефть-газ кимёси ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор. Шу муносабат билан биз Жаҳон нефт кенгашининг эксперт баҳосини кўриб чиқишга доим тайёрмиз», — деди Бош вазир.

Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари 2022 йил 29 сентябрдан 2 октябрга қадар Алмати шаҳрида ЖНК VII Ёшлар форумини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади, унда глобал энергетикага ўтиш, карбонсизланиш ва кам углеродли ривожланиш масалалари муҳокама қилинади. Унда дунёнинг 29 давлатидан 700 дан ортиқ делегатлар иштирок этади. Ўз навбатида, Педро Мирас Қозоғистон Ҳукуматига тадбир ва ташкилотнинг бутун минтақадаги фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

«Бизда кўплаб қизиқарли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, биз ёш мутахассисларга бутун дунё бўйлаб бўлажак ҳамкасблар билан саноат алоқаларини ўрнатишда ёрдам бериш учун университетлар билан ишлаймиз», — деди Педро Мирас.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон нефть кенгаши БМТ томонидан аккредитациядан ўтган ноҳукумат ташкилот бўлиб, унинг мақсади нефть ва газ саноатининг асосий масалаларини муҳокама қилиш учун шарт-шароитлар яратишдир. Ташкилотга 59 та давлат аъзо бўлиб, улар жаҳон нефть ва газ ишлаб чиқариш ва истеъмолининг 95% дан ортиғини ташкил қилади. 2008 йилда Қозоғистон ЖНКнинг тўлақонли аъзоси бўлди.

Сўнгги хабарлар