Қозоғистон хорижга кўмир олиб кетишни тақиқлайди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистонда хорижий давлатларга кўмирни автотранспорт воситаларида олиб чиқишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлигининг шундай буйруғи эълон қилинди, деб хабар бермоқда Kazinform.

Жорий йилда вазирлик томонидан коммунал ва маиший эҳтиёжлар учун сарфланаётган кўмир нархи ошишининг олдини олиш мақсадида режа ишлаб чиқилди. Ушбу режага кўра, жорий йилда кўмир истеъмол қилиш ҳажми тахминан 9,6 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Уларнинг 2,6 миллион тоннаси коммунал соҳага, 7 миллион тоннаси эса аҳолига сотилади.

«Ўтган йилнинг сентябр ойида ҳавонинг кескин совиши туфайли республиканинг марказий ва шимолий ҳудудларида кўмирга бўлган талаб ошди. Бундай вазиятдан фойдаланган чайқовчилар бир тоннасини 13 минг тангадан сотиб олиб, аҳолига 30 минг тангадан сотган. Оммавий ахборот воситалари орқали аҳолидан ички бозор учун мўлжалланган кўмир экспорт қилинаётгани юзасидан мурожаатлар тушди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган йили қўшни давлатларга кўмир экспорти ҳажми ошган. Хусусан, Қирғиз Республикасига экспорт 19 фоизга, Ўзбекистон Республикасига экспорт ҳажми эса 30 фоизга ошди. 2021 йилда Қирғиз Республикасига темир йўл орқали 1020 тонна (2050 вагон), автомобил транспортида эса 123 минг тонна кўмир ташилди. Шу боис, Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги аҳолини кўмир билан таъминлашда келишмовчиликларга йўўл қўймаслик учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб Қозоғистон ҳудудидан автомобиллар билан кўмир олиб чиқишни 6 ойга тақиқлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди», — дейилади ҳужжатда.

Хабар қилинишича, бу ташаббус ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида қўллаб-қувватланган.

Сўнгги хабарлар