Қозоғистон халқи Ассамблеяси Нур-Султанда Наврўз байрамини нишонлади

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон халқи Ассамблеяси Нур-Султан шаҳри бўлимида Наврўз байрамига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, дея хабар беради Кazinform шаҳар ҳокимлиги расмий сайтига таяниб.

Тадбирда Нур-Султан шаҳар ҳокимлиги вакиллари, дипломатик миссиялар элчилари, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг «Қоғамдық келісім» Республика давлат муассасаси ходимлари, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Нур-Султан шаҳар ихтисослаштирилган қўриқлаш хизмати, Қозоғистон халқи Ассамблеяси депутатлари, жамоат арбоблари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этдилар.



Пойтахтдаги Дўстлик уйида ташкил этилган байрам тадбирига пойтахт аҳли ва меҳмонлари бир-бирларини баҳор ва янгиланиш фасли билан табриклаш учун йиғилди.

Нур-Султан шаҳридаги Қозоғистон халқи Ассамблеяси томонидан «Хуш келдинг, азиз Наврўз!» тадбири ташкил этилиб, бежирим ўтовлар ва олтибақонлар(ҳалинчак) ўрнатилиб, қозонларда байрам дастурхони – Наврўз гўжа ва палов тайёрланиб, ҳозир бўлганларнинг барчасига бўғирсоқлар тарқатилди. ҚХА шаҳар оналар кенгаши пойтахтдаги болалар учун миллий анъаналар асосида тақдимот маросимини ўтказди.



Нур-Султан шаҳар ҳокимининг ўринбосари Берик Жакенов барча пойтахтликларни Наврўз байрами билан табриклади.

– Наврўз байрами чуқур тарихий илдизларга эга бўлган баҳор ва қайта туғилиш кунидир. Халқимиз уни Буюк кун деб атаса ажабмас. Ушбу муқаддас дамларда одамлар бир-бирларининг айбларини кечирадилар ва фақат илиқлик тилайдилар. Шу куни ариқларни тозалаш ва дарахт экиш одат тусига киради. Хайрия ёрдами яхши анъанага айланган. Катталар улғайиб бораётган ўғил-қизларига ҳамжиҳатлик, меҳнат деган маънони тушунтиради, сингдиради. Албатта, ҳар бир эзгу иш, азалий анъана замирида халқимизнинг кўп асрлик мероси ётади, – деди шаҳар ҳокими ўринбосари ўз табрикномасида.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчиси Саидикром Ниёзхўжаев барча қозоғистонликларни Наврўз байрами билан табриклаб, тинчлик ва фаровонлик тилади.

Пойтахт Ассамблеяси миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Барча этник-маданий бирлашмаларнинг умумий уйига айланган «Дўстлик уйи» ижодий фуқаролик ташаббуси, мазмунли ва катта тарбиявий ишлар манбаидир. Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг асосий қадрияти унинг мустақиллиги, миллий бирлиги, жамиятда тинчлик ва тотувлик ҳукм суришидир.

Байрам давомида томошабинлар пойтахтдаги этник-маданий бирлашмаларнинг экспозицияларига ташриф буюриб, уларда этник гуруҳларнинг маданияти, анъаналари, миллий таомлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Амалий санъат бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилиб, унда сўзана, кашта тикиш маҳорати намойиш этилди.

Миллий спорт ўйинлари ҳам беш йўналишда: буқа тортиш, ошиқ отиш, тош кўтариш, қозоқ кураши, қўл кураши бўйича ташкил этилди. Спорт ўйинлари ғолиблари шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Байрам давомида турли маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиб, Instagramдаги расмлар танлови ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди.





Байрам дастури этномаданият марказлари касбий ва бадиий жамоаларининг концерт дастурлари билан давом этди.






Сўнгги хабарлар