Қозоғистон фермерлари Европага экспорт ҳажмини оширишга тайёр

None
Фото: t.me/aqorda_resmi
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги стратегик муҳим йўналишларни айтиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

«Муштарак манфаатлардан келиб чиқиб, менимча, нафақат Қозоғистон, балки минтақанинг барча давлатлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишларни таклиф қилмоқчиман. Кейинги йилларда Марказий Осиё давлатларининг ички минтақавий иқтисодий алоқалари янги сифат босқичига кўтарилди. Ўтган йилнинг ўзидаёқ Қозоғистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 19 фоизга ўсиб, 8 миллиард долларни ташкил этди. Яқин келажакда бу кўрсаткични 15 миллиардга етказиш ниятидамиз», – деди ҚР Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан минтақавий савдо ҳажми жадал ўсиб боряпти.

Ўтган йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 60 фоиздан ортиқ ўсиб, 49 миллиард долларга етди.

«Савдо номенклатурасини кенгайтириш ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш устувор вазифа ҳисобланади. Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатларига машинасозлик, темир-пўлат ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати каби 175 номдаги нохом-ашё маҳсулотлар экспортини 2,3 миллиард долларга кўпайтиришга тайёр», – деди Президент.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигидаги кооперациянинг истиқболи катта эканини таъкидлади.

Мамлакатдан йилига 5 миллион тонна дон, 1,5 миллион тонна ун экспорт қилинади.

«Ўтган йили Қозоғистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича савдо ҳажми 35 фоизга ошиб, қарийб 1 миллиард долларга етди. Биз бу билан чекланиб қолмаймиз. Энди фермерларимиз ғалла ва мойли экинлар ва бошқа маҳсулотлар экспортини кўпайтиришга тайёр. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро салоҳиятдан фойдаланган ҳолда ҳудудларимизда озиқ-овқат хавфсизлигини сезиларли даражада мустаҳкамлашимиз мумкин», – деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этиш учун Чўлпон-Ота шаҳрига (Қирғизистон) хизмат сафари билан борган эди.

Сўнгги хабарлар