Қозоғистон Экология вазири ШҲТ экотизимининг рақамли харитасини ишлаб чиқишни таклиф қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мағзум Мирзағалиев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этди, деб ёзади Kazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб.

Учрашув давомида ШҲТга аъзо давлатларнинг экологик идоралари раҳбарлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Вазир ўз маърузасида 2020 йилда бўлиб ўтган ШҲТ саммити пайтида айтилган Давлат раҳбарларининг кўрсатмаларини бажариш зарурлигини таъкидлади ва шу мақсадда ШҲТга аъзо давлатларнинг экологик муаммолари реестрини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

М.Мирзағалиев Орол денгизи минтақасидаги экологик муаммоларни комплекс ҳал этиш масалаларига ҳам тўхталиб, ШҲТ мамлакатларида иқлим ўзгариши, муҳофаза этиладиган ҳудудларни ривожлантириш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича биргаликда ечимлар топиш зарурлигини таъкидлади. «Шу муносабат билан вазир Орол денгизининг қуриган тубини фитомелиорация қилиш дастури, ШҲТга аъзо давлатларнинг муҳофаза этиладиган ҳудудларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастури, шунингдек, ноёб ҳайвонларни асраш бўйича «ШҲТ экотизимининг рақамли харитаси«ни ишлаб чиқишни таклиф қилди», - дейилади баёнотда.



Шу билан бирга, Қозоғистон томони экологик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича БМТ дастури орқали халқаро донорлик ёрдамини жалб қилиш фаолиятини фаоллаштириш бўйича бир қатор ташаббусларни қайд этди. Шунингдек, вазир ШҲТ доирасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқишни таклиф қилди.



Бундан ташқари, йиғилиш доирасида Қозоғистон томонининг ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатларнинг экологик муаммолари бўйича қўшма ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг 2022-2024 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини тасдиқладилар ва йиғилиш баённомасини имзоладилар.



Сўнгги хабарлар