Қозоғистон ёғи жаҳон бозорида: Бу йил кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравар ошади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистоннинг кунгабоқар ёғи экспорти жорий мавсумда 180 минг тоннадан ошиши мумкин. Бу 2020-2021 йилги мавсумга нисбатан деярли икки баробар кўпдир. Бундай оптимистик прогнозни «Мойли ўсимликларни қайта ишлаш миллий ассоциацияси» юридик шахслар уюшмаси бошқаруви раиси Ядыкар Ибрагимов айтди, деб хабар беради Kazinform.

Ўтган йил давомида экспорт ҳажми қарийб икки баравар кўпайиб, пул кўринишида ўнлаб миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Қозоғистон ўсимлик ёғи экспортини янада ошириш имкониятига эга.

Я.Ибрагимовнинг таъкидлашича, айни пайтда 35 фоиздан кам юкланган маҳаллий ёғ заводларининг қувватлари бундай ҳажмларни осонликча ўзлаштириш имконини беради. Умуман олганда, саноат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва маҳсулот экспорт қилиш борасида яхши истиқболга эга.

«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мойли экин майдонларини 3,6 миллион гектарга етказиш вазифасини қўйган. Ҳозирда 3 миллион гектардан сал кўпроқ майдонни мойли экинлар эгаллайди. Бу бутун агросаноат мажмуи ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, чунки, масалан, бошоқли экинлар етиштириш билан солиштирганда, мойли ўсимликларнинг рентабеллиги анча юқори», - дейди Я.Ибрагимов.

Экспорт қилувчи ва хорижий харидор ўртасидаги битимларни кафолатлаш каби турли воситаларни ўз ичига олган давлат қўллаб-қувватлаши маҳаллий ишлаб чиқарувчига экспортга етказиб бериш ҳажмини ишончли тарзда оширишга хизмат қилмоқда.

Масалан, «Ўскемен ёғ-мой заводи» масъулияти чекланган жамияти бир йилдан сал кўпроқ вақт давомида учта экспорт шартномасини муваффақиятли бажариб, 1500 тонна маҳсулот сотди.

«Бошқа мамлакатлардан келган мижозларимиз ҳали ҳам бизни яхши билишмайди ва пул ўтказишдан қўрқишади. Бу ерда «KazakhExport» миллий компанияси жалб этилган бўлиб, у ўз пулларини бизга ўтказмоқда. Биз маҳсулотларни жўнатамиз ва мижоз «KazakhExport» билан ҳисоб-китоб қилади, шу тариқа у бизнинг шартномамизнинг кафолатчиси бўлиб чиқади. Биз аванс тўловини оламиз ва ўз мажбуриятларимизни хотиржам бажарамиз, мижозлар эса «KazakhExport» суғурталанган товарларни олишади», — дейди компания тижорат директори Виктор Семин.

«Kaz-Ir AGRO» МЧЖ Қозоғистонда Японияга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи биринчи компания ҳисобланади. Қозоғистон экспортчиси 2018 йилда Японияга ёғ экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаган. «KazakhExport» компанияси 1 миллиард тенге миқдорида суғурта қопламасини тақдим этди, бунинг натижасида компания хом ашё сотиб олиш учун кредит линиясини жалб қилди.

«Хорижда ёғимизга бўлган талаб катта. Энг яхши экспортчи сифатида бир йил аввал нуфузли «Алтин сапа» республика мукофоти билан тақдирланган эдик. Бизнинг маҳсулотимиз Европада: Чехия, Германия ва Нидерландияда жуда қадрланади, биз Хитойга ҳам ёғ етказиб берамиз», — деди компания бош директори ўринбосари Марина Фетисова.

Қозоғистонда ўсимлик мойи ишлаб чиқариш анча жадал ривожланмоқда. 40 дан ортиқ корхона ушбу маҳсулотни экспорт қилмоқда.

«Мамлакатдаги ёғ заводларининг 75 фоиздан ортиғи Ёғли ўсимликларни қайта ишлаш миллий ассоциациясига аъзо бўлиб, биз Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон ва Хитой каби анъанавий бозорлардан ташқари экспорт чегараларини биргаликда кенгайтирмоқдамиз. Биз маҳаллий маҳсулотни сотиш бўйича алоқалар ўрнатиш ва янги экспорт йўналишларини топишга ёрдам берамиз. Шу билан бирга, биз савдогарлар билан эмас, балки фақат маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан ишлаймиз. Айни пайтда ёғ-мой маҳсулотлари экспорти ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишига мос равишда ошиб бормоқда. Айниқса, бир вақтнинг ўзида мойли ўсимликлар экспортини камайтираётганимиз, бу уруғларни қайта ишлаш фоизи ортиб бораётгани қувонарлидир. Ёғ заводлари иш ҳажмининг ортиши, ўз навбатида, тайёр маҳсулот таннархига ва шунга мос равишда унинг рақобатбардошлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда», — деди уюшма раиси Ядикар Ибрагимов.

2016 йилдан буён «KazakhExport» экспорт суғурта компанияси қозоғистонлик экспортёрларга 622,4 миллиард тенге миқдорида ёрдам кўрсатди.

Сўнгги хабарлар