Қозоғистон буғдой ва ун экспортига чекловлар киритди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаров маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ички бозорда тақчилликка йўл қўймаслик ва ун тегирмонлари юкини камайтириш мақсадида Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнга қадар буғдой ва ун экспортига квота киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Буғдой квоталари ҳажми 1 млн тонна, ун - 300 минг тонна (...) Шундай қилиб, биз ун экспортини квоталар билан чеклаш чораларини жорий қилмоқдамиз. 2,5 млн тоннанинг ҳаммаси экспорт қилинмаслиги учун биз бор-йўғи бир миллион тонна квота киритдик», - деди А. Сапаров Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шунингдек, ички бозордаги реал вазиятни баҳолаш мақсадида вазирлик томонидан Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлигининг Миллий статистика бюроси ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ҳудудлардаги буғдойни инвентаризация қилиш бошланди.

«Шундай қилиб, Ҳукумат томонидан ички бозорни ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш чоралари кўрилди», – деди Айдарбек Сапаров.


Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар