Қозоғистон Бош вазири UNFPA ижрочи директори билан учрашди

None
Фото: primeminister.kz
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, UNFPA ижрочи директори Наталия Канем билан учрашди, дея хабар беради Kazinform.

Томонлар Қозоғистон Республикасининг ижтимоий соҳасини, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни, шунингдек, Алматида UNFPA етакчиларининг глобал учрашувини ўтказиш масалаларини муҳокама этдилар.

Бош вазир Ҳукумат БМТ, хусусан, ижтимоий соҳада илғор халқаро тажриба ва кўникмаларни жорий этиш билан шуғулланувчи Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга катта аҳамият бераётганини таъкидлади.

«Ҳамкорлигимиздаги ишимизга беқиёс ҳисса қўшдингиз ва умумий мақсадларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни юксак қадрлаймиз», – деди Алихан Смаилов.

Шу билан бирга, у БМТ ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари ва устувор йўналишлари 2021-2025 йилларга мўлжалланган Асосий дастурда белгилангани ва унинг амалга оширилиши Қозоғистонга реал ижобий натижалар бераётганини айтди.

«Бу ёшларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенглиги ва ижтимоий институтларни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти учун юқори баҳолангани БМТнинг Қозоғистондаги 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи бунга далил бўлиши мумкин. Бу самарали ҳамкорлигимизнинг бевосита натижаси эканини қайд этишни истардим», - деди Бош вазир.

Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли ишлар давом эттирилмоқда. Масалан, 1 январдан бошлаб фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари билан таъминлаш зарурлигини аниқлаш имконини берувчи Оиланинг рақамли картаси жорий этилди. «Е-Соғлиқ» ягона платформаси доирасида соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш амалга ошириляпти. Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини комплекс модернизация қилиш бошланди, бу 4 миллион қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.

Хусусан, 600 дан ортиқ амбулатория, фельдшерлик ва тиббиёт пунктлари қурилади, жорий йилда 32 туманлараро шифохонани модернизация қилиш ишлари бошланади.

«Биз ёшларнинг аҳволига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. 2029 йилгача ёшлар сиёсати концепцияси қабул қилинган бўлиб, унда аҳолининг даромад даражасини ошириш, уй-жой билан таъминлаш ва сифатли таълимни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ўрин олган», - деди Алихан Смаилов.

Ўз навбатида, Наталия Канем Қозоғистон томонидан сўнгги йилларда ижтимоий соҳани ривожлантиришда эришилган юксак натижаларни таъкидлади ва UNFPA янги ташаббусларни амалга оширишда республикага ёрдам ва техник кўмак кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.

«Ҳукуматнинг ёшлар камолоти учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, айниқса, республика бўйлаб очилган ёшлар саломатлиги марказларини олқишлаймиз. Бу катта ютуқ, илғор тажриба намунаси ва биз бу ҳақда Алматида албатта гаплашамиз, у ерда бутун дунёдан 200 дан ортиқ UNFPA раҳбарлари йиғилади. Шу нуқтаи назардан, ҳаётий кўникмаларга асосланган таълим концепциясининг муҳимлигини алоҳида таъкидламоқчиман, UNFPA бу йўналишни қўллаб-қувватлашга тайёр», - деди Наталя Канем.

Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро манфаатли бўлган кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.


Сўнгги хабарлар