Қозоғистон ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш ҳуқуқига эга бўлди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон ҳалол маҳсулотларни сертификатлашдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундай рухсат Бирлашган Араб Амирликларининг Халқаро аккредитация марказидан олинди, дея хабар беради Kazinform.

ҚР Бош вазир ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Бақит Султановнинг сўзларига кўра, бугун Бирлашган Араб Амирликларининг Халқаро аккредитация маркази «ҚазСтандард» лабораториясини аккредитация қилиш бўйича расмий ҳужжатни эълон қилди.

«ҚазСтандард» лабораторияси ҳам ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш ҳуқуқига эга бўлди.

«Мамлакатда «Ҳалол» халқаро сертификатини олиш имконияти экспортни рағбатлантиради, деб умид қиламан. Агар ҳозирда компаниялар ҳалол сертификатини олиш учун (импорт қилувчи мамлакатда) бир партияга 7 минг доллардан 30 минг долларгача сарфлаётган бўлса, Қозоғистонда сертификатлаш нархи серияли ишлаб чиқаришга 700 минг тенгедан (1,5 минг доллар) бошланади. Ушбу лабораторияни сертификатлаш натижалари Форс кўрфазининг барча араб мамлакатларида (Баҳрайн, Қатар, Қувайт, БАА, Уммон, Саудия Арабистони) тан олинган. Эрон, МДҲ, Туркия ва бошқа давлатлар каби бошқа ҳудудларга ҳам экспорт ҳажмини оширишимиз мумкин», - деб ёзди Бақит Султанов Facebook саҳифасида.

ҚР Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, маиший кимё ва косметика каби 4200 дан ортиқ ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. «Айтганча, бизнинг лабораториямиз ЕОИИ ва Марказий Осиёда халқаро талабларга мувофиқ аккредитациядан ўтган ягона лаборатория ҳисобланади. Бу биз минтақавий ҳалол марказга айланаётганимизни англатади. Осиё, ЕОИИ ва МДҲ тадбиркорлари ўз маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолаш ва Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига чиқиш учун лабораториямиздан фойдаланиши мумкин», - деди Б.Султанов.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон экспорт ҳажмини ошириш устида ишламоқда.

«2025 йилга бориб биз хом-ашёсини эмас экспорт ҳажмини 41 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. Йилнинг дастлабки уч ойида биз бир қатор асосий савдо ҳамкорларимиз билан товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширдик. Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг январ-март ойларига нисбатан қарийб 55,2 фоизга ошди. АҚШ билан - 35,6 фоиз, Хитой билан - 25,1 фоиз. Ўсиш хомашё ва қайта ишланган маҳсулотларда ҳам кузатилмоқда», - деди ҚР Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири.


Сўнгги хабарлар