Қозоғистон Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш режасини тўлиқ амалга оширади

None
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича ўзининг миллий мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда. Бу ҳақда пойтахтда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«2023 йилнинг 19-20 январ кунлари Брюсселда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар минтақавий хавфсизлик муаммоларини кўриб чиқиш ва афғон халқига доимий ёрдам кўрсатишда мамлакатларнинг ҳамкорлигини муҳокама қилдилар», — деди А. Смадияров.

Шу муносабат билан у Афғонистонда барқарор тинчлик ва барқарор тараққиётни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича келишув борлигини айтди. Бундан ташқари, учрашув чоғида Афғонистонда аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ҳимояси ёмонлашгани билан боғлиқ масала кўтарилди.

«Қозоғистон делегациясига Ташқи ишлар вазирлигининг махсус вазифалар бўйича элчиси Талғат Қалиев бошчилик қилди. Йиғилишдаги нутқида у Қозоғистон Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича ўз миллий мажбуриятларини тўлиқ бажаришини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги корхоналарининг БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури билан ҳамкорлиги қайд этилди. Масалан, ана шундай ҳамкорлик доирасида 2022 йилнинг биринчи ярмида Афғонистонга 456 минг тонна қозоқ уни етказиб берилди», — деди расмий вакил.

«Маҳаллий олий таълим муассасалари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги афғон талабалари учун таълим дастурида фаол иштирок этишда давом этиши тасдиқланди. Тадбир якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинди», — деди А. Смадияров.

Аввал хабар қилинганидек, афғонистонлик талаба қизларнинг Қозоғистонда таълим олиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар