Қозоғистон аҳолисининг 97 фоизи маълум бир динга эътиқод қилади

Фото:
NUR-SULTAN. Kazinform - Мустақиллик йилларида Қозоғистон дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган, динлараро ва конфессиялараро мулоқот ва тотувликни таъминлаш тажрибасига эга давлат сифатида ташкил топди. Бу фикрни Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзоси Динар Нўкетаева билдирди, деб хабар беради Kazinform.
«Мустақиллик йилларида Қозоғистон дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган, динлараро ва конфессиялараро мулоқот ва ҳамжиҳатликда муваффақиятларга эришишнинг ноёб тажрибасига эга демократик, дунёвий, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида шаклланди. Мамлакатда умумқозоқ бирлигининг ўзига хос модели – Қозоғистон халқи Ассамблеяси яратилди, унинг асосий вазифаси мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш бўйича давлат миллий сиёсатини амалга ошириш ва миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат ва фуқаролик институтлари ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишдан иборат»

, - деди Д.Нўкетаева бугун пойтахтда бўлиб ўтаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди сессиясида.

Депутат ўз нутқида ҳамжиҳатлик, тотувлик ва тинчлик – юртнинг букилмас қадрияти бўлиб, бизнинг бош тамойилимиз – ранг-баранглик бирлиги эканини таъкидлади.

«Мамлакатимизда давлат-конфессиявий муносабатларнинг дунёвий модели мавжуд бўлгани боис, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар қонун олдида тенгдир, ҳар бир фуқаронинг диний эътиқодини ҳурмат қилиш тамойили мавжуд. Конституцияда Қозоғистон дунёвий давлат сифатида белгиланган. Респондентлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг катта қисми, яъни 97 фоизи ўзини маълум бир дин вакиллари деб билади. Сўровда қатнашганларнинг атиги 3 фоизи динга эътиқод қилмаслигини айтди ёки саволга жавоб беришдан бош тортди»

, - деди Д.Нўкетаева.

Шу билан бирга, депутат қозоқ халқининг тарихий заминида асрлар давомида турли маданият, дин ва анъаналар учрашиб келганини таъкидлади. Натижада 140 дан ортиқ элат ва 40 дан ортиқ конфессия вакиллари қозоқлар билан тинч-тотув яшаши учун ноёб шароит яратилди.

«Мустақиллик йилларида Қозоғистонда диннинг чинакам уйғониши кузатилди. Мустақилликка эришгандан сўнг Қозоғистон халқининг умумий қадриятлари ўз тақдирини эркин танлаш, янги давлат барпо этишда иштирок этиш, мамлакат ва келажак авлодлар тақдири учун биргаликда жавобгарлик эди. Турли этник гуруҳларнинг узоқ муддатли бирга яшаши жамиятда барқарор бағрикенглик анъаналарини шакллантирган. Қозоғистонда барча этник гуруҳлар, конфессиялар ва ижтимоий гуруҳлар вакилларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, ҳис-туйғулари, қарашлари, ғоялари, эътиқодларига нисбатан бағрикенглик даражаси юқори»

, – дейди Динара Нўкетаева.

Таъкидлаш жоизки, бугун Қозоғистон пойтахтида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съезди давом этмоқда.

Фото: senate.parlam.kz

Сўнгги хабарлар