Қозоғистон 2025 йилгача кўмир қазиб олишни 70 фоиздан 40,3 фоизга қисқартиради
4 Ноябрь 13:30

Қозоғистон 2025 йилгача кўмир қазиб олишни 70 фоиздан 40,3 фоизга қисқартиради

NUR-SULTAN. Kazinform – Париж келишувига кўра, Қозоғистон 2025 йилгача кўмир қазиб олишни 70 фоиздан 40,3 фоизга қисқартиради. Бу ҳақда Ҳукумат мажлисида ҚР Энергетика вазири Мағзум Мирзағалиев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Ушбу режаларнинг амалга оширилиши электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қуйидаги ўзгаришларга эришиш имконини беради. Биринчидан, кўмир қазиб олиш улуши 70 фоиздан 40,3 фоизгача камаяди. Иккинчидан, газ ишлаб чиқариш 20 фоиздан 38 фоизга ошади. Учинчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 3 фоиздан 15 фоизга ошади», - деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу Қозоғистонга Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга имкон беради ва 2060 йилгача карбонсизланиш ва углерод нейтраллигини янада оширишга замин яратади.

Мағзум Мирзағалиев, шунингдек, Ҳукумат мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришнинг икки йўлини кўриб чиқаётганини айтди.

«Бугунги кунда Петропавл, Кокшетау, Ускемен, Семей ва Павлодар газлаштирилмаган. Бундан ташқари, ушбу шаҳарларни газ билан таъминлашнинг қуйидаги усуллари мавжуд. Хусусан, «Сариарқа» магистрал газ қувурини давом эттириш ёки Россия Федерациясидан магистрал газ қувурини қуриш. «Йил охиригача «Газпром» ва «ҚазТрансГаз» мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришни ҳисоблаб чиқади ва самарали вариантни ишлаб чиқади», — деди у.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Янгиликлар

Архив