Коронавирус дунёда: Италия чекловга қарши, Францияда кунига юз минг одам касалланмоқда

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Франция соғлиқни сақлаш органларининг маълум қилишича, мамлакатда кунига юз минг одам касалланмоқда, деб хабар беради Kazinform ВВСга таяниб.

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги кунларда касалликнинг кескин кучайиши барча Европа мамлакатларида кузатилган. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар, Ҳиндистон ва Бразилия касалланиш ва ўлим сони бўйича дунёда етакчилик қилишда давом этмоқда.

Джон Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда 43,5 миллион киши коронавирус билан касалланган, 1 миллион 160 мингга яқин одам вафот этган.

Италия ва Испанияда одамлар коронавирус билан касалланганлар сони кўпайиши сабабли яқин орада қўлланиладиган чеклов тадбирларига қарши норозилик намойишига чиқишди.

Италияда бар ва ресторанлар фақат соат 18:00гача ишлайди. Спорт заллари, сузиш ҳавзалари, театрлар ва кинотеатрлар 24 ноябрга қадар ёпиқ бўлади ва ҳукумат ушбу муддатни узайтириши мумкин. Сўнгги кунларда мамлакатда кунлик касалланиш даражаси доимий равишда 20 минг кишидан ошди ва расмийлар италияликлардан янги чеклов чоралари билан муроса қилишни сўрашмоқда.

Бироқ, Неаполдаги кичик ва ўрта бизнес эгалари чекловлар учун ҳукуматдан товон пули талаб қилиб чиқишди.

Якшанба оқшомидан бошлаб Испания 23:00дан 6:00гача мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этди. Бундан фақат Канар ороллари истисно.

Душанба куни Барселонада жорий қилинган чораларга қарши норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда.

Эпидемиянинг иккинчи тўлқинидан энг кўп жабр кўрган Чехияда кафе ва ресторанлардан овқатни фақат уйга олиб кетиш мумкин, зарур бўлмаган дўконлар ёпиқ, мактаблар яна онлайн режимда дарс бермоқда. Прага чеккасида 500 ўринли вақтинчалик шифохона қурилди, расмийлар беморлар сони бирдан кўпайишини кутмоқда.

Франция соғлиқни сақлаш идораларининг таъкидлашича, ҳар куни қайд этилаётган янги ҳолатлар сони аслида расмий статистикадан икки баравар кўп бўлиши мумкин. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда ҳар куни 100 мингга яқин одам касалланмоқда. Джон Хопкинс университети маълумотларига кўра, Францияда деярли 1,2 миллион киши касалланган, 34,7 минг киши вафот этган.

Оқ уйнинг бош маслаҳатчиси Марк Медоузнинг айтишича, АҚШ расмийлари Covid-19 билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқчи эмас. Унинг сўзларига кўра, эмлаш ва терапия каби омилларгина эпидемияни енгишга қодир.

Дональд Трампнинг президентлик пойгасидаги рақиби, демократ Джо Байден бунга жавобан ҳозирги маъмурият жангсиз таслим бўлганини айтди.

Мамлакатдаги касалликлар статистикаси ўсишда давом этмоқда, ўтган кун давомида Қўшма Штатларда 83,7 мингта янги ҳолат аниқланди. Қўшма Штатлар умумий ҳолатлар ва ўлим кўрсатгичи бўйича ҳам дунёда етакчи бўлиб қолмоқда – мамлакатда 8,6 миллион одам коронавирус билан касалланиб, 225,2 минг одам вафот этган.

Сўнгги хабарлар