Қорақалпоғистонда Кўришиш байрами нишонланди

None
None
NUKUS. UzA - Kazinform – Ўзбекистонда Қорақалпоғистон пойтахтидаги Нукус давлат педагогика институтида қозоқ халқининг миллий байрами бўлмиш Амал – Кўришиш куни кенг нишонланди, деб хабар беради Kazinform ЎзА агентлигига таяниб.

14 март – Амал байрамини Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудида яшовчи аҳоли азал-азалдан кўришиш куни сифатида байрамлаб келган. Қозоғистоннинг ғарбий вилоятларида яшовчи қозоқлар ушбу кунни 14 март куни нишонлашса, Қорақалпоғистонда яшайдиган қозоқлар 13 март куни белгилайди. Кўришиш байрами Наврўз байрамига улашиб кетади.

Амал – Кўришиш куни овул одамлари эрталабдан катталарга салом беришга шошилади. Қўшнилар бир-бирига «Ёшинг қутлуғ бўлсин», «Ёшингга ёш қўшилиб, умринг зиёда бўлсин!» деб тилак билдиришади. Шу куни аразлашиб юрганлар бир-бирини кечиришади. Кўришиш – нафақат одамларнинг бир-бирига саломлашиб, яхшилик тилайдиган ва кўришадиган, балки ёши катталарга ҳурмат-иззат кўрсатадиган кундир. Кўришиш маросими фақат бир кун билан чекланиб қолмайди, балки наврўз кунларида давом этади.

«Амал келди – Йил келди!» деб бир-бирини қутлаб, бир дастурхонда таом тотиб, эски йилни қолдириб, янги йилга етканига қувонган қозоқ халқининг ушбу маросими асосан чорвачилик маросимига оид пайдо бўлган.

Қиш пайтида чорва халқи жуда қийинчилик кўрган. Қиш қаттиқ келса мол оч қолади. Баъзан баҳорга томон ёмғир эрта ёғиб ёки қор эриб кейин яна қотиб қолса моллар қирилиб қолади. Шундай пайтларда чорва халқи молларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ёки олисларга ҳайдаб, яйловларга талашиб қолган пайтлари кўп бўлган. Шундай қийин пайтлардан чиққандан кейин халқ қувониб, аразларини унутиб бир-бирларидан кечирим сўраган. Кўришиш ҳам шундан келиб чиққан. Чунки қиш бўйи чорваларнинг яйловлари бир-биридан олис бўлган. Узоқ вақт кўришмаган улар шу кунни байрам қилишган ва бир-бирини қучоқлаб, вафот этганларни йўқлаб, тирик қолганига шукурлик қилган.

«Амал» сўзи араб календаридаги «Ҳамал» ойи номи билан боғлиқ.
Халқимизнинг «Ҳамал кирди – амал кирди» деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга (ҳомиладор қўй) кириши билан «Наврўз», «Янги кун», у билан бирга эса янги йил ва янги фасл – баҳор кириб келади. Наврўз келиши биланоқ, баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. Неча минг йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.



Институтда ўтказилган Амал куни байрамида йиғилган меҳмонларга қозоқ халқининг миллий таомлари тортилди. Институтнинг истеъдодли ёшлари ижросида адабий-композицион дастур намойиш этилди.



Асрлардан буён келаётган миллий ўйинлар, шундан, узук солиш ўйини, қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек, туркман халқларининг азалий дўстлик ришталари кўрсатилган саҳна намойишлари барчада катта таассурот уйғотди.

Кечада институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Қорақалпоғистон Қозоқ миллий маданий марказининг фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирланди.


Е.Қаноатов, ЎзА, И.Матеков (фото)


Сўнгги хабарлар