Конституциямиз янгича моҳиятга эга бўлади – ҚР Президенти видеомурожаати тўлиқ матни

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига видеомурожаат қилди, деб хабар беради Ақорда.

***

Ҳурматли ватандошлар!

Барчангизга маълум, бу йилги Мурожаатномамда сиёсий янгиланишнинг кенг қамровли дастурини тақдим этдим. Бу ҳужжат жамиятда кенг муҳокама қилинди. Бу ҳақда эксперт ва фаоллар фикр билдирди. Кўпчилик қўллаб-қувватлади.

Мурожаатномада белгиланган ташаббуслардан кўзланган асосий мақсад сиёсий тизимимизни тубдан ўзгартиришдан иборат. Бу халқнинг азалий истаги мевасидир. Фуқароларимиз давлат бошқарувида иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратилишини истайди. Шунингдек, халқ сиёсий жараённи тубдан демократлаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Буни самарали амалга ошириш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш зарур.

Бир сўз билан айтганда, конституциявий ислоҳот керак. Бу борада менинг топшириғим билан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибига таниқли ҳуқуқшунослар, тажрибали экспертлар, ваколатли идоралар вакиллари кирди.

Ишчи гуруҳ Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқди. Биз буни синчиклаб ўрганиб, Конституциявий кенгашга юбордик. Ушбу орган ўз хулосаларини тақдим этди. Ҳужжат лойиҳаси Конституция қоидаларига мос келади. Биз конституциявий ислоҳотларнинг ҳал қилувчи босқичига кирдик. Энди Асосий қонунни ўзгартиришимиз керак. Дарҳақиқат, бу мамлакат тақдири учун алоҳида аҳамиятга эга.

Асосий қонун моддаларининг учдан бир қисми ўзгартирилади. Очиғини айтганда, Конституциямиз бутунлай янгича моҳиятга эга бўлади. Шунинг учун мен республика референдумини ўтказиш ташаббуси билан чиқдим. Зеро, бундай кенг кўламли ўзгаришлар бутун халқнинг қарори билан амалга оширилиши керак.

Барча ривожланган мамлакатларда плебисцит халқнинг бевосита ҳокимиятининг яққол ифодасидир. Бироқ Қозоғистонда ушбу самарали демократия институтининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бундан 27 йил аввал ўтказилган референдумда амалдаги Конституция қабул қилинган эди. Кейинги барча конституциявий ислоҳотлар парламент томонидан маъқулланди. Тараққиётнинг янги босқичида, янги Қозоғистонни барпо этиш йўлида биз бутун халқ сифатида мамлакатимиз учун шундай муҳим қарорларни қабул қилишимиз керак. Мен бунга аминман. Шу боис бугун мен Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 5 июн куни республика референдумини ўтказиш тўғрисидаги Фармонни имзоладим.

Фуқароларнинг Конституцияга киритилган ўзгартишлар лойиҳасига оммавий овоз бериши биз демократик тамойилларга амал қилганимизни англатади.

Бўлажак референдум Қозоғистоннинг келажагини белгилаб беради. Ҳар бир фуқаро овоз бериши ва ушбу тарихий бурилишга ҳисса қўшиши мумкин.

Конституциявий ислоҳот бутун давлат моделини ҳар томонлама ўзгартиришга қаратилган. Ўзгартиришлар «супер-президентлик» бошқарув моделидан нуфузли парламент ва ҳисобдор ҳукуматга эга бўлган президентлик республикасига тубдан ўтишни назарда тутади.

Конституциявий ислоҳот ҳокимиятнинг вакиллик тармоғини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Баркамол ва мувозанатли тизимни мустаҳкамлайди. Маслихатларнинг таъсирини кучайтиради.

Парламент ва вилоятлар маъсуллари депутатлари сайловининг аралаш мажоритар-пропорционал модели жорий этилади. Бу қадам сайловчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини тўлиқ ёритиш имконини беради.

Туман ва шаҳар маъсуллари депутатлари сайловининг мажоритар тизими тўлиқ жорий этилиши фуқароларнинг ҳудудлар ҳаётига таъсир кўрсатиш имкониятларини оширади.

Конституциянинг янгиланган таҳририда Президентнинг барча сиёсий кучлар ва партиялардан мустақиллиги кўзда тутилган. Давлат раҳбарининг яқин қариндошларига квазидавлат секторида сиёсий лавозимларни эгаллаш ва раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тақиқланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилади. Хусусан, Конституциявий суд ташкил этилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, яъни Омбудсманнинг мақоми Конституция билан белгиланади. Мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинади. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бўлажак конституциявий ислоҳот мамлакат тараққиётида янги босқичнинг бошланишини кўрсатади.

Ҳурматли ватандошлар!

Биз ҳаммамиз бир давлат сифатида янги Қозоғистонни, Адолатли Қозоғистонни қурамиз. Биз ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ҳимояланган давлатга айланамиз. Биз ҳаммага тенг имкониятлар берамиз. Ҳар ким ўз қобилиятига кўра жамиятда ўз ўрнига эга. Одамларнинг онги тикланади, турмуш тарзи ўзгаради. Давлат тизимини такомиллаштириб, жамият ва ҳукумат ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўямиз. Шундай қилиб, биз Иккинчи Республикани ташкил қиламиз. Буларнинг барчасини муваффақиятли амалга ошириш учун Конституциявий ислоҳотлар зарур.

Амалдаги ислоҳотнинг ўзига хос жиҳати Президент ваколатларини кучайтириш эмас, балки давлатимизни такомиллаштириш, модернизация қилиш ва мустаҳкамлашдир. Барчангизни юрт келажаги учун референдумда фаол иштирок этишга чақираман!

Миллат манфаати йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайсиз деган умиддаман!

Юртимизнинг порлоқ келажаги бизнинг қўлимизда!

Бизнинг кучимиз - бирликда!

Бирга бўлайлик!

Ҳамжиҳатлигимиз мустаҳкам бўлсин!

Сўнгги хабарлар