Конституцияга таклиф этилган ўзгартиришлар қабул қилинди - Марказий референдум комиссияси
7 Июнь 13:21

Конституцияга таклиф этилган ўзгартиришлар қабул қилинди - Марказий референдум комиссияси

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Марказий референдум комиссияси 5 июн куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказилган референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган Қозоғистон Республикаси фуқароларининг умумий сони 11 734 642 кишини ташкил этди. 2022 йил 5 июн куни Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда 7 миллион 985 минг 769 киши ёки овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сонининг 68,05 фоизи иштирок этди. Шундай қилиб, «Референдум тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, референдум ўтказилган деб ҳисобланади. Республика референдумида, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг камида учдан икки қисми овоз берган вилоятлар, республика аҳамиятига молик шаҳарлар ва пойтахтда уларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади», — деди Марказий референдум комиссияси раиси Нурлан Абдиров.

Унга кўра, Конституцияга киритилган ўзгартиришларни ёқлаб, мамлакатнинг барча ҳудудларида 77,18 фоиз ёки 6 миллион 163 минг 516 нафар фуқаро овоз берди. Бу 17 та ҳудуднинг ҳар бирида мутлақ кўпчиликни ташкил этади.

«Конституцияга киритилган ўзгартиришларга қарши овоз берган фуқаролар сони 18,66 фоизни ёки 1 миллион 490 минг 477 нафарни ташкил этди. Шундай қилиб, «Референдум тўғрисида»ги қонуннинг 31 ва 34-моддалари асосида мамлакат Асосий қонунига таклиф этилган ўзгартишлар қабул қилинган деб ҳисобланади», — деди у.

Нурлан Абдировнинг сўзларига кўра, референдум қарори мажбурий бўлиб, қўшимча ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилмайди. Референдумда қабул қилинган ўзгартириш ва қўшимчалар референдум натижалари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Янгиликлар

Архив