Колумбиядаги самолёт ҳалокати: 3 бола ва чақалоқ икки ҳафтадан кейин топилди

Фото: Фото: theguardian.com
ASTANА.Кazinform – Колумбия жанубида авиаҳалокатдан икки ҳафта ўтиб, тўрт нафар бола тирик топилди, дея хабар беради Кazinform The Guardianга таяниб.

Болалар ҳарбийлар, ўт ўчириш бригадалари ва фуқаро авиацияси вакилларидан иборат қутқарув гуруҳи томонидан Какета провинциясидаги қалин ўрмонда топилган.

1 май куни эрталаб Араракуарадан Сан-Хосе-дель-Гуавьярега йўл олган «Cessna 206» самолёти двигателидаги носозлик туфайли авария сигналини ишга туширди. Самолётда етти киши бўлган.

«Ҳарбийлар томонидан синчковлик билан олиб борилган қидирув ишларидан сўнг биз Гуавьярдаги авиаҳалокатда бедарак йўқолган тўрт нафар болани топдик. Бу бутун мамлакат учун қувончдир», - деб ёзди президент Густаво Петр чоршанба куни Twitterдаги саҳифасида.

Афсуски, ҳалокатда учувчи ва яна уч нафар катталар ҳалок бўлди. Уларнинг жасадлари самолёт ичидан топилган. 13, 9 ва 4 ёшли уч бола ҳамда 11 ойлик чақалоқ омон қолган.

Қутқарув операциясини мувофиқлаштирган фуқаро авиацияси бошқармасидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, болалар самолётни тарк этиб, ёрдам излашга кетган.

Қутқарувчи итлар ёрдамида ўрмондан болалар еган мевалар қолдиқлари ва ўсимликлардан ҳимоя қилиш учун қурилган кулбалар топилди. Қутқарув операциясига ҳарбийлардан ташқари Колумбия Ҳарбий-ҳаво кучларининг бир неча самолётлари ва вертолётлари сафарбар этилган.

Сўнгги хабарлар