Қоҳира аҳолиси қозоқ маданияти ва санъати билан танишди

None
ASTANA. Kazinform – Миср пойтахтида қозоқ мусиқаси янгради ва маҳаллий томошабинларни мафтун этди. Қоҳира опера театрида Қозоғистоннинг Мисрдаги маданият кунларига бағишланган гала-концерт бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

Қоҳира бош саҳнасида Қозоғистон санъат усталари, жумладан, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоблар, республика ва халқаро танловлар лауреатлари чиқиш қилди. Улар Алмасбек Алматов, Батиржан Миқтибаев, «Салтанат» давлат рақс ансамбли, «Астана Опера» солистлари, «Алашули», «Сулу» гуруҳлари ва бошқа санъаткорлар. Санъаткорлар эстрада, халқ қўшиқлари, мумтоз асарларини ижро этди. Уларга дирижёр Абилай Тилепберген бошчилигидаги Қурманғази номидаги халқ чолғу асбоблари оркестри ҳамроҳлик қилди.

Концерт икки давлат мадҳиялари ижроси ва Сенат раиси Маулен Ашимбаевнинг табрик сўзи билан бошланди. Зал маҳаллий томошабинлар билан тўлди. Гала-концерт томошабинлари анъанавий Миср мусиқаси қўшиғини илиқ кутиб олдилар ва олқишладилар.

Гала-концерт билан бир қаторда Қоҳира опера театрида қозоқ амалий санъати кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Миллий либосдаги санъаткор ва ҳунармандлар қўлда тайёрланган анъанавий маҳсулотларни меҳмонлар эътиборига ҳавола этди.

Гала-концертдан сўнг ҚР Маданият ва спорт вазири Асхат Оралов Миср маданият вазири Невин Ал-Килани билан учрашди.

Асхат Оралов ҳамкасбига маданият кунларини ташкил этишда ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдириб, жаноб Ал-Килани ва маҳаллий санъаткорларни Қозоғистонга таклиф этди.

«Қозоғистоннинг Мисрдаги маданият кунларига бағишланган тадбирлар юқори савияда ўтганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ишончим комилки, Қоҳира аҳолиси ва меҳмонларида санъаткорларимизнинг чиқишлари катта таассурот қолдирди. Дунёни қозоқ маданияти ва санъати билан таништирувчи бундай тадбирлар бошқа мамлакатларда ҳам ўтказиляпти. Шу тариқа маданият ходимлари ўз истеъдодларини жаҳон саҳналарида намоён этишлари мумкин. Вазирлик бу борада фаол иш олиб боряпти», - деди Маданият ва спорт ишлари вазири А. Оралов.


Сўнгги хабарлар