Қизилўрда вилоятида украиналик олимлар фермерларга сувни тежаш технологиясини ўргатмоқда

None
ASTANA. Kazinform – Жорий йилда Қизилўрда вилоятида сув танқислигига қарамай, экин майдонлари 7 минг гектарга кўпайди, 196 минг гектарга экинлар экилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«Диверсификацияни давом эттириш мақсадида малаз экинлари майдонини 2 минг 300 гектарга, картошка, сабзавот ва боғдорчилик экинларини 222 гектарга, асосий экин — шолини 5 минг 400 гектарга кўпайтирдик. Ижтимоий аҳамиятга молик экин экиш ва ҳосилни йиғиб олишга иштиёқи баланд аҳоли учун ўтган йили махсус ер участкалари ажратилди. Бу хайрли ташаббус жорий йилда ҳам давом этиб, шаҳар ва туманларда 3 минг гектардан ортиқ ер майдони берилди. Ҳозир 5 минг 488 оилага ер участкалари ажратилиб, сув тортилди. Натижада аҳоли ўзини керакли маҳсулотлар билан таъминлай олади», - деди ҳоким.

Унинг таъкидлашича, Сирдарё деҳқонларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Озиқ-овқат контракт корпорацияси» билан ҳамкорликда кузги шоли ҳосилини форвард харид қилиш йўлга қўйилган. Бунинг доирасида 6 минг тонна оқ шоли харид қилиш учун 1 миллиард 200 миллион тенге маблағ ажратилиб, вилоятдаги 4 фермер хўжалиги «Озиқ-овқат контракт корпорацияси» АЖдан шартнома асосида маблағ олди.

«Минтақада украиналик олимлар билан ҳамкорликда намойиш майдончаси очилмоқда. Унинг асосий мақсади сув танқислиги сабабли пуркагич ва томчилатиб суғориш усуллари билан диверсификация қилиш йўналишида соя, кунгабоқар, маккажўхори, буғдой ва шолининг бир қанча навларини тажриба тариқасида жорий этишдан иборат. Ўтган йили Ҳукумат кўмагида «Кўкарал» тўғонини асраб-авайлаш лойиҳасини бошлаш учун республика бюджетидан 500 миллион тенге ажратилган бўлса, жорий йилда 1,9 миллиард тенге ажратиш режалаштирилган. Лойиҳа 2024 йилда якунланади.

Фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларини давлат мулкига қайтариш, уларни қайта муомалага чиқариш ишлари қизғин давом этяпти. Ўтган йили 157 минг гектар ер қайтарилган бўлса, жорий йилда 200 минг гектардан ортиқ ерни қайтариш режалаштирилган», - деди Нурлибек Налибаев.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар