Қишлоқ хўжалигини сувни тежовчи технологиялар билан ривожлантириш керак – ҚР Бош вазири
19 Август 15:15

Қишлоқ хўжалигини сувни тежовчи технологиялар билан ривожлантириш керак – ҚР Бош вазири

NUR-SULTAN. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов амалий ташриф билан Павлодар вилоятига бориб, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш масалалари бўйича маҳаллий ишбилармонлар билан учрашув ўтказди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Алихан Смаилов биринчи навбатда давлатдан кўмак олиб, 1700 гектар майдонда замонавий суғориш технологияси асосида картошка етиштираётган фермер хўжалигига йўл олди. Шунингдек, корхонада сиғими 10 минг тонна бўлган сабзавот омбори, йилига 10 миллион тонна сут ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган товар сут фермаси барпо этилмоқда. Лойиҳага киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 11 миллиард тенге бўлиб, шундан 7,6 миллиард тенге «Аграр кредит корпорацияси» тармоғи доирасидаги имтиёзли кредитлар ҳисобидан ва 2,7 миллиард тенгени ташкил этди. Фермер хўжалиги фаолияти билан танишган Ҳукумат раҳбари бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

«Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ва озиқ-овқат нархларининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, бутун дунёда сувни тежайдиган замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайман. Давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли бу катта ижтимоий-иқтисодий натижалар беради», — деди Бош вазир.

Бу ерда Алихан Смаилов вилоятдаги қишлоқ хўжалиги тузилмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказиб, унда уруғчиликни субсидиялаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва минерал ўғитлар харид қилиш, чорвачиликни ривожлантириш, паррандачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари кўтарилди. Ҳукумат раҳбари кўтарилган ҳар бир масала юзасидан атрофлича тушунтириш бериб, уларни доимий назоратда ушлаб туриш юзасидан вилоят раҳбариятига тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, Бош вазир йилига 250 минг тонна алюминий ишлаб чиқарадиган Қозоғистон электролиз заводи фаолияти билан танишди. Мазкур завод ўз маҳсулотларини ички бозорга йўналтириш билан бирга Туркия, Нидерландия, Бразилия, АҚШ, Италия, Болгария, Польша, Норвегия ва бошқа бир қатор давлатларга экспорт қилмоқда. Корхонада Алихан Смаилов йирик саноат корхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Йиғилишда замонавий ишлаб чиқариш технологияларига ўтиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосферага чиқиндиларни камайтириш ва атмосфера ҳавоси сифатини автоматик назорат қилиш тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бош вазир Павлодар шаҳри атрофида йирик корхоналар билан ҳамкорликда «Яшил белбоғ» яратиш масаласини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади, бу эса шаҳар экологиясини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради.

Ҳукумат раҳбари «Бизнеснинг йўл харитаси» ва «Оддий нарсалар иқтисоди» дастурлари бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватланган шишадан архитектура ойнаси ўрамлари ва интьерер буюмлари ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди. Корхона маҳсулотлари ички бозор ва қўшни давлатларга ҳам сотилмоқда. Алихан Смаилов қурилиш индустриясини ривожлантириш доирасида қурилиш материалларига эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Ҳукумат ушбу ишлаб чиқариш линиясини максимал даражада қўллаб-қувватлашга тайёр.

Фото: primeminister.kz


Янгиликлар

Архив