Қирғизистонда Наврўз байрами қандай нишонланади

Фото:
BISHKEK. Кazinform - Наврўз байрами(ыирғича Нооруз мейрами) Ер юзидаги энг қадимий байрамлардан бири ва Қирғизистон фуқаролари учун энг қадрли ва севимли байрамлардан ҳисобланади. 1991 йилда «Нооруз миллий мейрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Қирғизистон Республикаси қонуни қабул қилингандан сўнг, 21 март куни мамлакатда бу кун баҳорги тенг кунлик кунида расман нишонлана бошлаган, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Улуғ баҳор байрами арафасида қарзларни тўлаш, қариндошлар ва дўстлар билан муроса қилиш, келгуси йилд фаровонлик, мўл-кўлчилик ва унумдорлик учун ибодат қилиш одат тусига киради. Қирғизистонликлар ўз уйларини тартибга солиб, ёвуз руҳларнинг қувилиши рамзи бўлган арча тутуни билан уйларни аласлаб, байрамона дастурхонни турли миллий таомлар билан тўлдиришади.

Қадим замонлардан бери Қирғизистонда 20 мартдан 21 мартга ўтар кечаси байрам дастурхонининг асосий ноз-неъматини халқ орасида «сумолок» деб аталган буғдой (арпа, тариқ) ниҳолларидан пишириб, унга ун, ўсимлик ёғи, шунингдек қуритилган мевалар қўшиб қўйишган. «Сумолок» таоми таркибидаги витаминлар, микроэлементлар ва антиоксидантларга бой. Таом пишириш жараёни ўзига хос бўлиб, унда бир нечта бирлашган оилалар - қариндошлар, яқин дўстлар, қўшнилар иштирок этади, бу улар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Тўйимли таом пиширилаётганда тун бўйи ҳовлида халқ қўшиқлари куйланади, рақслар, ривоятлар, эзгу тилаклар айтилади.

Анъанага кўра, байрам куни эрталаб мамлакат пойтахтининг марказий Ала-Тоо майдонида ва вилоятлар марказларида мамлакат эстрадаси юлдузлари иштирокида ранг-баранг театрлаштирилган томошалар, концерт дастурлари намойиш этилади. Шаҳарнинг барча туманларида байрам дастурхонлари, мусобақалар, миллий ўйинлар: тоғуз қоргоол, кан таламай, беш таш, кураш, ордо, шунингдек, от спорти мусобақалари ва турли спорт мусобақалари ташкил этилади.

Қирғизистон халқи учун, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги кўплаб халқлар учун Наврўз аждодларнинг бебаҳо мероси, эзгу анъана ва урф-одатлар рамзи ҳисобланади. Бу тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва фаровонлик байрами бўлиб, баҳор келиши, атрофдаги барча ҳаётнинг уйғониши ва ҳаётнинг янги босқичи бошланишини англатади.

Муаллиф: Гулмира Абдрахманова
Сўнгги хабарлар